Республика Олимпия захиралари коллежи 60 ёшда

10:37 31 Октябр 2021 Спорт
1059 0

Фотомуҳбир: Абдумуталиб Тойеров - "Халқ сўзи"

Пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежида мазкур даргоҳнинг ташкил топганига 60 йил тўлгани муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ушбу ўқув юртида фаолият олиб борган собиқ раҳбар ва устозлар, ҳозирда ўқувчиларга спорт сирларини ўргатаётган мураббийлар, шунингдек даргоҳнинг илқ қалдирғочлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 
Тадбир аввалида меҳмон мураббий ва устозлар, спорт усталари сўзга чиқиб ушбу коллежнинг спортсевар ёшларимиз ҳаётидаги аҳамияти, муваффақиятли ўтмиши ва истиқболи ҳақида сўз юритди.

Мазкур маскан 1961 йилда ўз иш фаолиятини бошлаган бўлиб, айни пайтгача минглаб олимпиядаларнинг ғолиб ва совриндорларини вояга етказишда бош-қош бўлган.
Биргина сўнгги уч йилда халқаро ареналарда қўлга киритилган 723 та медаллар шодаси бунинг яққол намунасидир.
Тадбир давомида ушбу ўқув даргоҳи биносида ташкил этилган Республика Олимпия захиралари коллежи тарихидан сўзловчи музейнинг ҳамда коллеж ўқувчилари учун барпо этилган футбол майдонининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. 

Музейдан фахрий мураббийларнинг иш жараёнлари, мусобақаларнинг хаяжонли дақиқаларида олинган суратлар ҳамда коллеж тарбияланувчиларининг йирик ғалабалари маҳсули бўлган медал, кубок ва совринлар ўрин олган.
Эътиборлиси шуки, футбол майдончасини мазкур даргоҳда таҳсил олган, футбол оламида кўпчиликка таниш Одил Аҳмедов ўз маблағлари ҳисобига барпо этиб, юбилей муносабати билан совға сифатида тақдим қилди.

"Халқ сўзи".
Абдумуталиб Тойеров олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?