Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганмоқда

12:47 21 Май 2025 Жамият
102 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». 20–29 май кунлари Вазирлик ва идоралар масъулларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида фаолият юритиши режалаштирилган. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Халқ қабулхонаси, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди. Ишчи гуруҳ раҳбари — Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Пўлат Бобожонов маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

У шаҳар ва туманларда ўтказиладиган сайёр қабуллар орқали ижтимоий-иқтисодий масалалар, тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа ҳаётий муаммоларни ҳал этишда ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Бу йўналишда ҳудудлар кесимида тасдиқланган режа асосида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди ва масъулларга ҳар бир жараёнга жиддий ёндашиш бўйича топшириқлар берилди.

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда Фарғона ва Қувасой шаҳарлари аҳолиси, вазирликлар ва идоралар масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабул давомида турли мурожаатлар эшитилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Фарғона шаҳрида яшовчи Шаҳноза Акбарова соғлиғидаги нуқсонга қарамай, оиласи билан бирга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. У қиш мавсумида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси ҳал этилгани учун масъулларга миннатдорчилик изҳор этди.

— Олий судга мурожаатим ижобий ҳал этилди ва ўз мулкимга бўлган қонуний ҳуқуқим тикланди, — дейди тадбиркор Хайрулло Эгамов. — Энди фаолиятимни кенгайтириб, қўшимча 30 та иш ўрни яратишни режалаштирганман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер