«Реал Мадрид» мухлислари кутган кун келди. Мбаппе майдонга тушиши мумкин бўлган Европа Суперкубоги ҳақида превью

15:32 14 Август 2024 Спорт
520 0

Бугун тунда Европа Суперкубоги учун баҳс бўлиб ўтади. Унда амалдаги Европа Чемпионлар лигаси ғолиби «Реал Мадрид» ва Европа лигаси чемпиони «Аталанта» жамоалари иштирок этади. Дунё футбол жамоатчилиги ушбу баҳс атрофида қандай тахминлар билдираётгани ва жамоаларнинг имкониятлари қандайлиги ҳақида гаплашамиз.

«Реал Мадрид» 2024 йилги УЕФА Суперкубогида ғалаба қозониши кутилаётгани, албатта, сир эмас. «OPTA» каби таҳлилий порталлар “қироллик клубининг 90 дақиқа ичида ғалаба қозониш эҳтимолини 59,7% этиб белгилаган. Бўлажак ғалаба уларни «Барселона» ва «Милан»ни ортда қолдириб, УЕФА Суперкубогида энг кўп соҳиби бўлган жамоага айлантиради. Ушбу тарихий ўйин Полшанинг Варшава шаҳридаги «Миллий» стадионида бўлиб ўтади.

«Реал Мадрид» ҳозирда «Барселона» ва «Милан» билан тенг равишда бешта Суперкубок ғолибига эга. Жамоа ўтган мавсум сўнгида Дортмунднинг «Боруссия»сини 2:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда ушбу баҳс учун чиптага эга чиққан бўлса, «Аталанта» тарихий натижа қайд этаётган «Байер» жамоасининг 51 ўйинлик ғалабали сериясига чек қўйиб, бунга эришган эди.

Анчелотти, шунингдек, УЕФА Суперкубогида энг кўп ғалаба қозонган мураббий сифатида Пеп Гвардиоладан ўзиб кетиш имкониятига эга. «Реал Мадрид» барча мусобақаларда сўнгги 26 ўйинда мағлуб бўлмаган. Уларнинг сўнгги мағлубияти 2024 йилнинг январида Испания кубоги доирасида «Атлетико»га қарши ўйинда бўлганди. Қайд этиш керакки, ўтган мавсумда фақат Симёни жамоасигина мадридликларни таслим эта олганди.

Бу ўйиннинг муҳимлик жиҳатига яна бир фактор катта ҳисса қўшади. Ёзда «Реал»га келиб қўшилган франциялик футбол юлдузи Килиан Мбаппе ушбу учрашувда ўзининг дебют баҳсини ўтказиши мумкин. Қайд этиш керакки, Мбаппе ўзининг 11 финалида саккизта гол урган. Винисиус Жуниор ҳам француздан қолишмайди. У «Реал Мадрид» учун ўйнаган 10 финалда 10 та голда бевосита иштирок этган.

«Аталанта» 2023-24 йилги УЕФА Европа лигасида ғалаба қозонганидан сўнг УЕФА Суперкубогида илк бор майдонга тушади. Улар финалда «Байер»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, Европадаги илк йирик кубокни қўлга киритишганди. Нигериялик ҳужумчи Лукман ўша учрашувнинг асосий юлдузи бўлиб, хет-трик қайд этганди.

«Аталанта» бош мураббийи Жан Перо Гасперини 66 ёшида Европанинг йирик кубогини қўлга киритган тўртинчи энг кекса мураббийга айланган. Бу ғалаба унинг «Аталанта» билан Италия кубоги финалида учта мағлуб бўлганидан кейин биринчи сўнгги ғалабаси бўлди. Ушбу ёзда «Аталанта» ҳужумчилар Шарл Де Кетелаере ва Матео Ретеги билан ўз таркибини кучайтириб олган ва улар ҳам ушбу баҳсда майдонга тушиши мумкин.

Бу «Реал Мадрид» ва «Аталанта» ўртасидаги учинчи учрашув бўлади. Олдинги икки учрашув 2020/21 йилги мавсумда УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида бўлиб ўтган ва унда «Реал Мадрид» иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонган эди. Охирги марта Испания клуби 2010 йилда УЕФА Суперкубоги учун Италия терма жамоаси билан тўқнаш келган, ўшанда Мадриднинг «Атлетико» клуби «Интер»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

«Қироллик клуби» 2018 йил УЕФА суперкубогида «Атлетико»га ютқазиб қўйган эди. Бу эса италияликларга қандайдир умид бериши мумкин.

Тахминий таркиблар эса қуйидагича бўлиши кутилмоқда:

Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:50 да бошланади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?