«Реал Мадрид» Испания футболини вайрон қилмоқчи – Хосе Мария дел Нидо

14:29 11 Февраль 2025 Спорт
215 0

Испания футболида навбатдаги жанжал юзага келди. «Севиля» клуби президенти Хосе Мария дел Нидо «Реал Мадрид» клубининг Испания Қироллик футбол федерацияси (РФЕФ) ва Спорт масалалари бўйича Олий кенгашга (КСД) ҳакамларнинг иш фаолиятидан норозилик билдирган шикоятига кескин муносабат билдирди.

Мадрид клуби ушбу шикоятни «Эспанёл»га қарши ўйинда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлгандан сўнг расмий равишда йўллаган эди. Клуб раҳбарияти ҳакамларнинг нотўғри қарор қабул қилаётгани ва бу «Реал»нинг натижаларига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган эди.

Шунга қарамай, «Севиля» президенти бу ҳолатни мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва спорт этикаси тамойилларига зид деб баҳолади. У ўз баёнотида «Реал Мадрид»нинг бу ҳаракатини нафақат ҳакамларнинг шаънига, балки бутун мусобақанинг ҳалоллигига шубҳа туғдирувчи душманона хатти-ҳаракат деб атади.

«Бу бутун футбол тизимига қаратилган ҳужум. Биз бундай ҳаракатларга қарши туришимиз керак. Клуб ўзининг расмий телеканали – «Реал ТВ» ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали Испания футболига путур етказишга ҳаракат қилмоқда. Бундай ишга биз асло кўз юма олмаймиз», – деди Хосе Мария дел Нидо.

Шунингдек, «Севиля» президенти ҳакамларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳам алоҳида таъкидлади: «Уларнинг шаънига шубҳа қилиш мутлақо нотўғри. Ҳакамлар ўз вазифаларини мустақил бажаришлари керак. «Реал Мадрид» уларга босим ўтказишга уринмоқда ва бу уларнинг эркин қарор қабул қилишига халақит бериши мумкин».

Ҳозирда Ла Лига турнир жадвалида «Реал Мадрид» биринчи ўринда бормоқда. «Атлетико Мадрид» мусобақанинг иккинчи поғонасида жойлашган бўлса, «Барселона» учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Бу можаро Испания футболида катта шов-шувга сабаб бўлиши кутилмоқда. Ҳакамларнинг фаолиятига оид эътирозлар аввал ҳам кўплаб клублар томонидан билдирилган, аммо «Реал Мадрид»нинг расмий шикояти бошқа жамоалар орасида кучли норозиликка сабаб бўлмоқда. Ушбу вазият Ла Лига раҳбарияти ва спорт ташкилотлари томонидан қандай баҳоланиши эса ҳали номаълумлигича қолмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?