Рақамли технологиялар ва таълим уйғунлиги

Ҳар бир мамлакат тараққиёти, энг аввало, унинг илм-фан, таълим ва инновацияларни қай даражада жадал ривожлантираётганига боғлиқ. Шу боис сўнгги йилларда рақамли технологияларни таълим жараёнига кенг татбиқ қилиш, ўқув жараёнини замонавий усуллар асосида йўлга қўйиш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йилда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизда рақамлаштириш сиёсатининг асосий ҳужжати саналади. Унда барча соҳалар қатори таълим тизимини ҳам замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, электрон таълим платформаларини яратиш, онлайн курслар, виртуал кутубхоналар ва рақамли ўқув ресурсларини кенг жорий этиш белгилаб берилган.
Бугунги кунда юртимизда ZiyoNet портали, Электрон ҳукумат тизими, MyGov, Онлайн кутубхоналар каби рақамли платформалар таълим соҳасига кенг жорий этилган. Улар ўқувчи ва талабаларнинг билим олиш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштирмоқда. Институтимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга ошириляпти. “Электрон университет ва институт” тизими босқичма-босқич йўлга қўйилди. Талабалар дарс жадвалини онлайн кўриши, рейтинг тизимидан фойдаланиши, фанлар бўйича топшириқларни масофадан топшириш имкониятига эга. Ахборот-ресурс марказида электрон китоблар фонди шакллантирилган. Фойдаланувчилар дарсликларни онлайн тартибда ўқиш ва юклаб олиши мумкин. Ўқув жараёнида виртуал лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, замонавий симуляциялар асосида физика, кимё, информатика каби фанларга оид тажрибалар ўтказиляпти. Халқаро Coursera, Moodle, Google Classroom каби платформалардан фойдаланиб, дарсларга замонавий методлар татбиқ этилмоқда.
Ўтган йилдан бошлаб институтда сунъий интеллект асосидаги баҳолаш тизими синов тариқасида жорий қилинди. Натижада талабалар билимини аниқроқ ва шаффоф баҳолаш имконияти юзага келди. Институтда регистрлар офиси фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бу тизим талабаларнинг академик фаолиятини ягона марказда бошқариш имконини беради. Эндиликда талабалар рейтинглари, кредит-модул тизимидаги фанлар, давомат ва имтиҳон натижалари регистрлар офиси орқали автоматлаштирилган ҳолда юритилмоқда. Ҳар бир талаба ўз шахсий кабинети орқали баҳоларни кузатиши, шикоят ёки мурожаатларини электрон шаклда топшириши мумкин. Шу тариқа таълим жараёнида шаффофлик, адолат ва аниқлик таъминланмоқда. Ўқитувчилар учун дарс юкламаси, машғулотлар жадвали ва электрон ҳужжатлар айланиши рақамли тизим асосида бошқариляпти.
Шулар билан бир қаторда рақамли технологияларни янада кенг татбиқ этиш имконияти бор. Чунончи, барча олий таълим муассасалари учун ягона мобил иловалар ишлаб чиқилса ва миллий онлайн курслар платформаси яратилса айни муддао бўларди. Стипендия ва шартнома тўловларини онлайн бошқариш тизимини жорий этиш ҳам фойдадан холи эмас. Институтимизда регистрлар офиси фаолиятини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Талабалар мурожаатини кўриб чиқиш учун онлайн call-марказ яратилса, институт кутубхонаси тўлиқ рақамлаштирилса яхши бўларди.
Ҳаёт кўрсатмоқдаки, рақамли технологияларни таълимга кенг жорий этиш нафақат билим олиш жараёнини енгиллаштиради, балки шаффофликни таъминлайди, талаба ва ўқитувчи фаолиятини замон талабларига мослаштиради. Зеро, рақамли технологиялар ва таълим уйғунлиги – давлат ҳамда жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Асрорбек АҲРОРОВ,
Бухоро давлат педагогика институти магистранти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг