Радарлар хавфсизликка хизмат қилиши керак, жазолашга эмас
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра тегишли ҳужжатнинг «Радар» бандида йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Аниқроқ айтганда, стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади, деб белгиланган, Аммо барча ҳолатларда ушбу қоидага амал қилиняпти, деб айтиб бўлмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари ўтказган ўрганишлар давомида Тошкент — Андижон (А-373) йўналишида тезликни оширмаслик бўйича 100 дан ортиқ «радар» белгилари ўрнатилган. Ўрганиш кунлари (2021 йил 18-19 май) 10 дан ортиқ стационар, кўчма ва мобил «радар»лардан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Тошкент — Самарқанд (М-34 ва М-39) йўналишида эса 120 дан ортиқ «радар» йўл белгилари, ўрганиш кунлари (2021 йил 20-21 май) 20 дан ортиқ «радар»лар фаолият кўрсатган.
Куни кеча бизнинг танқидимиздан сўнг ниҳоят Тошкент шаҳридаги радарлар жойлашган манзиллар жамоатчиликка ошкор этилди. Лекин Ўзбекистон Республикаси фақат Тошкент шаҳридан иборат эмас-ку, асосий эътирозлар ҳудудлардан, катта магистраль йўллардан тушаётганига наҳотки масъул ташкилотлар вакиллари панжа ортидан қараётган бўлса?
Мана шу ҳолатларнинг аксариятида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига амал қилинмаяпти. Демак, хулоса қилишимиз мумкинки, ҳайдовчиларга кўплаб ҳолатларда ёзилаётган жарималар ноқонунийдир. Ички ишлар вазирлиги депутатлар ва ҳайдовчиларнинг асосли эътирозларига нисбатан муносабат билдиришларини сўраб қоламиз.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг