Қуёш панеллари: қулай, самарали, истиқболли
Фото: Халқ сўзи
Айни кунларда юртимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилди.
Хўш, ушбу қурилмаларнинг энг муҳим афзалликлари нималардан иборат? Мухбиримиз “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ матбуот хизмати раҳбари Абдувоҳид Турдиев билан шу хусусда суҳбатлашди.
- Қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланилганда электр ва иссиқлик энергияси текинга олинади,-дейди у. – Қуёш панеллари орқали электр энергия ишлаб чиқарилганда атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли газлар чиқмайди. Энг асосийси, қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилган пайтдан бошлаб даромад олиб кела бошлайди. Бундай қурилмалар биноларнинг том қисмида ҳамда бўш ер майдонларга ўрнатилгани учун ишлаш жараёнида ҳеч қандай шовқин бўлмайди. Замонавий воситалар хонадонни узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради.
Бу қурилмаларни ўрнатиш жуда осон ва узоқ йиллар техник хизмат кўрсатиш талаб этилмайди. Чунки мазкур қурилмалар махсус синов лабораториялар текширувидан ўтказилган ҳолда ўрнатилиши сабабли ўртача 20-25 йил давомида хизмат кўрсатади. Хонадон эгаси эҳтиёжидан ортган қисмини электр тармоқлари корхонасига сотиб даромад қилиш ҳам мумкин. Бунда жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай солиқ тўловлари амалга оширилмайди.
Таъкидлаш ўринлики, бундай қурилма ёрдамида хонадонини электр энергияси билан таъминлаган (ўрнатилган ер майдони учун) жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса 10 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод этилади. Ўз навбатида жисмоний шахслар қуёш панелларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлардан фойдаланишлари мумкин. Бунда, 5 киловаттгача бўлган қисмига бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзлари берилади.
Хонадон эгаси томонидан тўлиқ харид қилинганда қуёш панеллари харажатларининг 6 миллион сўмгача ва қуёш сув иситиш қурилмаларининг 2,1 миллион сўмгача бўлган қисми давлат томонидан қопланиб берилади. Қурилмаларни ўрнатгандан кейин хонадон соҳиби электр таъминоти корхонаси билан электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.
Айтайлик, хонадон эгаси 1 кВт соат электр энергиясини давлатга 1000 сўмдан сотади (Маълумот учун ҳозирги кунда аҳоли 1 кВт·соат электр энергияси учун 295 сўм тўлайди). Агар хонадонга 5 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилса, қуёш станция ойига ўртача 750 кВт соат электр энергия ишлаб чиқаради. 4 кишилик хонадонда ойига ўртача 400 кВт соат электр энергия истеъмол қилинса, мазкур станция хонадон эгасига ойига 350 минг сўм миқдорда даромад келтиради.
Аҳоли томонидан сотилган электр энергияси учун маблағлар давлат томонидан ҳар ой “Soliq” мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади. Ўрнатилган қуёш панеллари орқали олинган электр энергияси “ақлли” электр ҳисоблагичлар ёрдамида ҳар ой қанча сотилганини аниқ ҳисоблаб беради. Жараённи телефонда ўрнатилган махсус илова орқали онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Шунингдек, қуввати 100 кВт ва ундан ортиқ бўлган қуёш панелларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ушбу қурилмаларни ўрнатганлик учун мол-мулк ва ер солиғини тўлашда ўн йил муддатга имтиёз берилади. Қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатувчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан уч йил муддатга озод этилади.
2024 йил 1 январга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа материаллар божхона тўловларидан озод этилиши белгиланган.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг