Қувасойнинг Машҳураси

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Яқин йилларгача тадбиркорлик соҳасида Қувасой шаҳри миқёсида кичик-кичик ютуқлари билан қувониб юрган Машҳура Акрамова эндиликда жаҳон бозорларини забт этаётган салоҳиятли тадбиркор сифатида тилга тушди. Қисқа даврда ушбу корхонада ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги аёллар шарф ва рўмоллари МДҲ давлатлари, Осиё қитъаси, араб мамлакатларида харидоргир бўлиб улгурди. Бу изланувчан тадбиркорга янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш ва фаолият кўламини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш имконини бермоқда.
2022 йили Қувасой шаҳридаги «Қувасой чинниси» кичик саноат зонасида иш бошлаган «Ellycardin tekstil» МЧЖда бугунги кунда 100 турдан ортиқ аёллар шарф ҳамда рўмоллари тайёрланиб, дунёнинг 15 га яқин давлатларига экспорт қилинмоқда. Шу тариқа ўтган йили 1 миллион доллардан ортиқ корхона маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт кўрсаткичини 2 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Бундан атиги уч йил олдин 3 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши ҳисобига ташкил этилган корхонада 60 та доимий ҳамда 60 та мавсумий иш ўрни яратилди. Ҳозирги кунда бу ерда Туркия технологияси асосида ишловчи корхонада миллий услубдаги қўшни республикалар, Осиё, яқин Шарқ мамлакатлари тадбиркорлик субъектлари буюртмаси асосида маҳаллий иқлим шароитига мос шарф ва рўмоллар тайёрланади.
— Бизда «Устоз-шогирд» анъанаси йўлга қўйилгани учун тажрибали мутахассислар ёшларга маҳоратини ошириб боришга доимо кўмаклашади, — дейди Машҳура Акрамова. — Туркиялик мутахассис ҳамда маҳаллий дизайнерлар гуруҳи томонидан жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни инобатга олиб, мунтазам равишда янги дизайн нусхаларини яратиш устида изланишлар олиб борилади.
Шунингдек, дуал таълим тизими асосида «аёллар», «ёшлар» дафтарига киритилган ҳамда камбағал оилалар реестрида турувчи хотин-қизлар бепул касб-ҳунарга ўқитилиб, юқори даромадли иш билан таъминланмоқда. Мадина Болтабоева, Маҳбуба Ашурова «аёллар» дафтари рўйхатида турган ишсиз оила бекалари эди. Икковлон ҳозир корхонанинг қўли гул чеварлари ҳисобланади. Камбағал оилалар реестрига киритилган Нигора Абдураҳмонова ҳамда Тўхтахон Жўраева корхонада доимий иш ўрнига эга бўлгач, эндиликда оила фаровонлиги учун ўз улушини қўшмоқда. Корхонада уларнинг фарзандлари учун бепул боғча фаолияти йўлга қўйилган.
Корхонада дуал таълим тизими бўйича ишчи-мутахассислар тайёрлаш усули яхши самара бермоқда. Ҳозирги кунда ҳам мазкур тажриба асосида 10 нафар маҳаллий ёшлар ҳам ўқиб, ҳам ишлаётгани эътиборга сазовордир.
— Истиқболли лойиҳа доирасида яна 3 миллион доллар хорижий инвестиция киритиш орқали қўшимча бино қуриш, 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда, — дейди «Шуҳрат» медали соҳиби М. Акрамова. — Янги лойиҳа 2026 йили ишга туширилади ҳамда қўшимча қиймат занжири яратиш орқали экспорт салоҳияти янада ортишига эришилади. Шунингдек, яқин истиқболда хомашёни тўлиқ маҳаллийлаштириш ҳамда катта миқдорда валюта тежаш бўйича ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш имконини бериши билан ҳам аҳамиятли.
Изланувчан тадбиркор чин маънода, бугун Қувасойнинг Машҳураси. Корхона бренди остида ишлаб чиқарилиб, жаҳон бозорларига етказиб берилаётган табиий ипак маҳсулотлари унга ана шундай мавқени бераётгани айни ҳақиқатдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг