Қутлов: бугун таниқли ёзувчи Назар Эшонқул таваллуд топган кун

18:55 15 Июнь 2021 Маданият
752 0

Назар Эшонқул — 1962 йили 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. 1979 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида (1981–1986) ҳамда шу университет аспирантурасида (1986–1991) таҳсил олган. Шундан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Ёзувчи» газетасида, «Жаҳон адабиёти» журналида фаолият юритган. 1997 йилдан буён Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритиб келади.

Назар Эшонқул ўзбек насрига, айниқса, ҳикоячилигига янги овоз, янги руҳ олиб кира олган ёзувчи ҳисобланади. У мана шу жанрни Шарқ ва Ғарб адабиёти анъаналари билан уйғунлаштираётган адиблардан биридир. Илк асари — «Уруш одамлари» қиссасидан (1989) сўнг, «Уфқ ортидаги қуёш», «Маймун етаклаган одам» (2004), «Шамолни тутиб бўлмайди» (2005), «Момоқўшиқ» (1991), «Ялпиз ҳиди» (1996), «Шафтоли гули» (2011) номли китоблари нашр қилинган.

Мендан «мен»гача...

Биз ҳар бир нарсадан — ўзимизни ўраб турган борлиқдан тортиб ҳаётимизга дахлдор кичик ҳодисотларгача ненидир излашга одатланганмиз. Бу «не»дир, асли, ўзимиздан ўзга нарса эмас. Худди кўзгуга қарагандай ўзга аксларда ўзимизни кўрамиз, таъсирланамиз, хулоса чиқарамиз.

Ташқи олам бизга кўзгудир. Қаршимизда турган одам бизга кўзгудир. Ёнимиздан оқиб ўтаётган издиҳом бизга кўзгудир. Кўз ўнгимизда юз бераётган воқеалар бизга кўзгудир. Ўқиётган китобларимиз бизга кўзгудир. Биз ўзгалардан ўзимизни излаймиз. Ташлаб кетаётганимиз — ўзимиз. Бораётганимиз ҳам ўзимиз. Биз билан хайрлашувчи ҳам ўзимиз, кутиб турган ҳам ўзимиз. Ўқиганимиз ҳам, ўқитганимиз ҳам ўзимиз. Ўзимиздан қочиб ўзимизга борамиз. Ҳаётимиз, фикримиз ана шу ўзликлар орасида шаклланади, ўзликлар орасида кечади ва сарф бўлади. Биз ботиндан ва зоҳирдан ўзимизни излаб юрамиз. Улар орасидаги масофа жуда яқин ва жуда узоқ, чунки у мендан «мен»гача бўлган бепоёнликни қамраб олади...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?