Қутайба ибн Муслим ким: фотиҳми ёки ислом ҳимоячиси?
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистонда ички сайёҳлик имкониятлари жуда катта. Айниқса, диний эътиқодимиздан келиб чиққан ҳолда зиёратгоҳларга бўлган эътибор ўзгача. Ана шундай муқаддас қадамжолар бири — Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи Жалақудуқ туманида жойлашган.
Тарихчи Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида «Қутайбанинг қабри Фарғонада машҳур бўлиб, «Работи сароҳанг» деган жойда «Кох» деб аталадиган бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар» деб ёзилган. «Кох» қишлоғи бугунги кунга келиб «Қиличмозор» деб аталади.
Бир пайтлар ислом дини саркардаси сифатида қадр топган Қутайба ибн Муслимнинг қабрини зиёрат қилгувчилар жуда кўп бўлган. Бироқ мақбара ўтган асрнинг 30 йилларида атеистлар томонидан бузиб ташланган. 1975 — 1978 йилларда Андижон вилояти биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳимов ташаббуси билан хароба ўрнида мақбара қайта қурилган. Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Бугунги кунга келиб ушбу зиёратгоҳи республикамизнинг энг кўп сайёҳлар келадиган ҳудудларидан бирига айланган. Айниқса, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой давлатларидан зиёратчилар сафи аримайди.
— Мен Қирғиз Республикасининг Жалолобод шаҳридан келдим, — дейди Абдураҳмон Чўтбоев. — Ҳар йили Умра сафарига чиқишдан аввал Жалақудуқ туманига келиб, Қутайба ибн Муслим қабрини зиёрат қиламан. Бу ерда амалга оширилаётган қурилиш ишлари унинг тез орада энг йирик зиёратгоҳлардан бирига айланишидан дарак беради.
Дарҳақиқат, 2020 йилда зиёратгоҳда қайта қуриш ва ободонлаштириш бошланди. Бунинг учун қиймати 25 миллиард сўмлик лойиҳа ишларига киришилди. Андижон, Қўқон, Самарқанд ва Бухородан келган усталар томонидан мажмуа ўртасида жойлашган қабр устига баландлиги 20 метр бўлган гумбаз, гумбазнинг тўрт томонида айвонлар барпо этилди. Ҳозирда қурилиш ишлари сўнгги босқичда бўлиб, пардозлаш олиб бориляпти. Лойиҳа бўйича икки қаватли беш минг намозхонга мўлжалланган масжид, музей, кутубхона ва зиёратчилар учун алоҳида хоналар фойдаланишга топширилади.
— Зиёратгоҳда ташриф буюрувчилар учун барча шароит яратилмоқда, — дейди туман ҳокими Ҳикматилло Латипов. — Жумладан, «Хонобод — Андижон» магистраль йўлидан зиёратгоҳгача бўлган салкам 1 км.дан иборат йўл барпо этилди. Йўл бошида қад ростлаган арк нафақат, зиёратгоҳга, балки туманимиз ҳуснига ҳам кўрк бағишлаб турибди. Унинг икки четига манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилди. Бир нечта савдо шохобчалари, овқатланиш масканлари ва бошқа шароитларни ўзида мужассам этган қурилиш ишлари олиб борилди.
Бугунги кунда халқ орасида: «Қутайба ибн Муслим юртимизга бостириб кирган босқинчи» деган фикрлар билан бир қаторда: «У нафақат, ҳудудимизга, балки қалбимизга ҳам ислом динини олиб кирган буюк инсондир», деган баҳс-мунозаралар мавжуд. Унинг аслида ким бўлганлигини зиёратгоҳга келган одамларнинг юз-кўзларидаги эътиқод ва иймон нуридан англаш қийин эмас…
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг