Қуримаган дока рўмоллар

Раъно қишлоққа келин бўлиб тушганига бир йил тўлмаёқ онасиникига кетиб қолди.Қайнонасининг “Овқат пиширолмайсиз”, “Онангиз лоақал чеварликни ҳам ўргатмабди –да”, “Ҳовлини чала супурибсиз” қабилидаги гап-сўзлари, уни батамом уқувсизга чиқаргани жон-жонидан ўтиб кетди. Ёш оила ажралди.
Ажралишди-ю Раънонинг кўзи очилди. Бирни кўриб фикр қил, деганларидек, кўз олдидан синфдош дугоналари ўтди: бири ўқитувчи, бири ҳунарманд, яна бири эса фабрика ишчиси. Барчаси ўзига тинч. Ҳавас қилса арзигулик оила бекаси. Демак, қайнонасидан кўп ҳам ранжимаса бўлади. Ана шуларни ўйлаган Раъно пазандалик курсларига қатнай бошлади. Пишириқлар тайёрлашни ўрганди. Тикувчига шогирд тушди.Ҳатто каштачиликни ҳам эплайдиган бўлди.
-Орадан икки йил ўтганига қарамай, Раънонинг собиқ турмуш ўртоғи уйланмади, икки ёш бир – биридан кўнгил узолмади,- дейди бу кечмишдан яхши хабардор Каромат Махсумова.- Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, улар яна турмуш қуришди. Қайнонага келсак, энди у Раънони еру кўкка ишонмайди.Негаки, ўн қўли ўн ҳунар бўлган келини рўзғорни гуллатиб турибди.
Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазирлиги Бухоро вилоят бошқармаси бош мутахассиси вазифасида ишлаётган Каромат опанинг бу сўзларини тингларканмиз, “Раъно-ку ўз хатоларини кечроқ бўлса-да англаб, ўз бахтини қайта топибди, аммо орамизда оилавий ҳаётга тайёр бўлиш ҳақида ўйламаган, мактабда ёлчитиб ўқимаган, қўлида бирор бир ҳунари ҳам йўқ, уқувсиз ёшлар оз эмас”, деган ўй кечади.
Бу ҳақида бежиз тўхталганимиз йўқ. Кузатишлар кўрсатаяптики, айнан шу жиҳат, яъни бўлғуси келин ёки куёвнинг мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги кўп ҳолда оилавий ажримларга сабаб бўлаяпти.Масалан, Бухоро вилояти бўйича шу йилнинг тўққиз ойида 1540 та ажрим қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 438 тага кўп.Ушбу факт расмий маълумот, холос.Негаки, шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб, ажрашиб кетаётганлар ҳам йўқ эмас.
-Ажримларга кўп ҳолда ёшларимизнинг сабрсизлиги, масъулиятсизлиги сабаб бўлмоқда,- дейди Қоракўл туман ФҲДЁ бўлими мудираси Д. Зиёдуллаева.-Ачинарлиси, кўрпамизга қараб оёқ узатмаймиз.Айрим йигитлар совуқ ўлкаларга ишлагани боришади.Оиладан узоқда, мусофирчиликда меҳнат қилиб пул топишади.Келиб уйланишади.Минг бир машаққат билан қора меҳнат эвазига топган пулларини орзу – ҳавас деб икки кунда ҳавога совуришади.Тўй ўтгач, куёв чилласи чиқмай турибоқ яна хорижий юртга ишлагани йўл олади.Айрилиққа эса униси ёки буниси дош беролмайди. Хиёнат йўлига кириб кетганлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Худди шу ҳол ҳам оилавий ажримларга сабаб бўлаяпти.
ФҲДЁ бўлимида никоҳни бекор қилишга асосий сабаб кўп ҳолда фарзандсизлик бўлади. Бундай ҳолатда умумий фарзанд ва мол – мулк низоси йўқ бўлсагина никоҳ бекор қилинади. Аммо суд қарори асосида ажралиш қайд этилганида одатда, ўртада фарзанд бўлади. Агар бир туманда йилига ўртача 90 та оила ажрашган тақдирда ҳам бу юз нафардан зиёд боланинг ота ёки она меҳридан мосуво бўлиб қолаётганини англатади. Ваҳоланки, ота ёки она меҳри ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
-Халқимизда “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деган нақл бор,- дея мулоҳаза юритади маҳалла фаолларидан бири Қурсия Жўраева.- Ҳаёт кўрсатяптики, дока рўмолнинг қуриши ҳар доим ҳам осон кечмаяпти. Ҳатто 15, 17 ёшли фарзандлари бўлган эр- хотинлар ҳам ажралишиб кетаётган ҳолларни кўряпмиз. Бу никоҳ, оиланинг қадр-қимматига путур етказяпти.
Шундай экан, фарзандларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни уқувсизликдан асраш ҳақида ўйлайлик.Токи, ёшлар турмушга енгил – елпи қарашмасин. Ҳар ким бахт калити ўзининг қўлида эканини англаб етсин!
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг