Қурилишнинг қалдирғоч кластери нафақат самарали, балки ўрнак ҳам бўлиши керак

Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий инфратузилмасида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Зеро, бундан кўзланган асосий мақсад — битта. У ҳам бўлса, иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини кескин ошириш йўли билан одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, эл фаровонлигини таъминлаш.
Хусусан, саноатда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар айни шу эзгу мақсадга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Ёки қишлоқ хўжалиги соҳасини олиб кўрайлик. Бугунги кунда аграр тармоқда фаолиятнинг мутлақо бошқа, замон ҳамда тараққиёт талабларига жавоб берадиган шаклига ўтиляпти. Ва бу йўлдаги одимлар тобора жадаллашиб боряпти.
Ягона марказий нуқта
Хўш, бундай прагматик ва конструктив янгиланиш жараёнларини ягона марказий нуқтада бирлаштириш мумкинми? Албатта, мумкин.
Ўзбекистонда қисқа муддат ичида айнан мана шундай машаққатли, аммо шарафли ҳамда масъулиятли вазифа ижросини таъминлаш учун пойдевор яратилди. Бунда ҳам билимларга асосланган, ҳам амалий жиҳатдан дунёнинг илғор давлатларида улкан самара бериб келаётган бир тамойил йўл кўрсатувчи маёқ сифатида танлаб олинди. Уни бугун кўпчилигимиз кластер номи билан биламиз. Шу асосда илм-фан янгиликлари ва ишлаб чиқариш ўзаро ҳамоҳанглик касб этяпти, олиму талабаларнинг амалиётчилар ҳамда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Бу борадаги тегишли ҳуқуқий-ташкилий институтлар такомиллаштириляпти. Нега?
Чунки Ўзбекистонда иқтисодиётни ташкил қилишнинг кластер моделига ўтилиши қатор ижтимоий муаммоларни енгиб ўтиш баробарида, юқори кўрсаткичли маҳсулдорликка эришишда қўл келмоқда. Бу ҳаётда ҳам ўз тасдиғини топиб улгурди.
Мана, масалан, пахтачилик кластерларини олайлик. Айнан шу усул орқали бир пайтлари ўз режасини бажара олмай, қишли-қировли кунларга қолиб кетган туманлар бугун етакчилар қаторида. Буни бу йил Тошкент вилоятидаги Қуйи Чирчиқ тумани мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Энг муҳими, кластер шарофати билан нафақат фермер ва деҳқонларнинг, балки ўша ҳудудда иш билан таъминланган аҳолининг ҳам даромадлари кўтариляпти, ишсизлик даражаси камаймоқда.
Икки хил ёндашув — битта тасдиқ
Шу нуқтаи назардан келиб чиқилса, яна бир савол туғилади: «Кластер тизимини бошқа жабҳаларга ҳам жорий этса бўладими?»
Бунга бир сўз билан «шубҳасиз, ҳа», деб жавоб бериш мумкин. Бинобарин, бугунги кунда Ўзбекистон улкан бунёдкорлик майдонига айлангани инобатга олинса, айнан қурилиш индустриясида кластер истиқболлари ёрқин намоён бўлади. Эришилажак натижалар ҳам шунга яраша салмоқ касб этишини эса англаш қийин эмас.
Эътиборлиси, мазкур ёндашувни масаланинг бошқа тарафи ҳам тасдиқлайди. Яъни қаердаки улкан ҳажмдаги қурилиш ишлари кетаётган бўлса, бу ўша жойдаги иқтисодий барқарорликдан далолат беради. Зотан, қайси мамлакатда иморатсозлик ҳажми катта бўлса, айниқса, аҳоли учун уй-жой барпо этиш кўлами кенгайса, демак, у барқарор ривожланиш йўлидан боряпти.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь — октябрь ойларида Ўзбекистонда жами 71 триллион 858,0 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 2019 йилнинг мос давридагига нисбатан ўсиш суръати 109,1 фоизни ташкил этди.
Давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 2 триллион 977,1 миллиард сўмлик, нодавлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан 68 триллион 880,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Уларнинг республикадаги улуши мос равишда 4,1 ва 95,9 фоизга тенг бўлди. Боз устига, ҳудудларда бўй чўзиб турган улкан «пўлат жирафа»лар — кранлар ҳамда бошқа техникалар ҳам саноатнинг аҳволи қандай эканлиги ҳақида аниқ тасаввур бера оладиган индикаторлардан бири ҳисобланади.
Сифат ва инновация уйғунлашади
Юқоридаги рақамлар ва омилларнинг ўзиёқ қурилиш соҳаси давлат тараққиёти, одамлар турмуш даражасида нақадар катта ўрин тутишини кўрсатиб турибди.
Давлат раҳбари ҳам шу йил октябрь ойида Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганида, соҳада кластер ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтгани бежиз эмас. Бу бугунги шиддатли ва кескин рақобат давр талабларига уйғун келадиган долзарб ташаббусдир. Боиси, бу таклиф ижроси нафақат бунёдкорлик миқёси, географияси, суръатлари ва айниқса, сифатини оширади, балки инновацион ҳамда технологик ютуқлардан фойдаланиш имкониятларини тубдан яхшилайди.
Демак, мамлакатда қурилиш кластерларининг пайдо бўлиши ҳар томонлама ўзини оқлаши баробарида, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимида учраётган муаммоларни бартараф этиш кафолатига айланади.
Таълим амалиётдан узоқлашиб кетди
Бугунги кунда юртимизда қурилиш-архитектура соҳасида мутахассислар тайёрлаётган бир нечта олий таълим муассасалари фаолият олиб боряпти. Ушбу даргоҳларда архитекторлар, қурувчи муҳандислар ва бошқа турдош касблар эгалари етишиб чиқмоқда.
Аммо тан олиш керак, таълим жараёнлари инновацион қурилиш технологияларидан йироқлашиб кетган. Бошқача айтганда, замонавий қурилиш маданияти уларгача ҳамон етиб бормаган, десак, хато бўлмайди. Қолаверса, хорижий тажрибаларни қурилиш жабҳасига интеграция қилиш жуда суст бормоқда. Янада ачинарлиси, кейинги даврда тўғри келса-келмаса, ҳамма қурувчи бўлиб кетаётгандек. Кичик-кичик фирмалар ҳам бунёдкорлик билан шуғулланаётир. Уларнинг сони беш ёки ўнта эмас, балки юзларни ташкил қилади. Уларни бошқараётганларни, аслида эса ўта масъулиятли ишларни бажараётганларнинг барчасини ҳам қурувчилик касбини чуқур эгаллаган, соҳа мутахассиси, десак, қаттиқ янглишамиз.
Келинг, шу ўринда бир оз чекиниш қиламиз. Бундан 30 — 40 йиллар олдин республиканинг барча ҳудудида йирик қурилиш ташкилотлари бўларди. Уларга ғоят жиддий вазифалар бериларди. Самарқанд мисолида оладиган бўлсак, вилоятда «Химстрой», «Трансстрой» каби жуда кучли моддий-техник базага, қудратли техникаларга эга қурилиш ташкилотлари бор эди.
Назаримда, улар ютуқларининг биринчи омили — мазкур ташкилотларда тажрибали, ўз ишининг ҳақиқий усталари ишлар эди. Ва ушбу мутахассисларнинг 70 — 80 фоизини доимий фаолият юритувчи ходимлар ташкил этарди. Ўқиган, малакага эга бўлган, тоифалари (разрядлари) бор ғишт терувчи, монтажчи, сувоқчи, бўёқчи кабилар шулар жумласидан. Яъни керакли мутахассисларнинг барчаси қурилиш ташкилотининг ўзида муқим шаклланган эди.
Қуриш даллоллик қилиш дегани эмас
Юқорида «муқим» деган сўз бежиз таъкидланаётгани йўқ. Чунки ҳозир «ёмғирдан кейин чиққан қўзиқорин»дек кўпайиб кетаётган кичик қурилиш ташкилотларида барқарорлик йўқ, боз устига улар асл маслак қолиб, кўпроқ ўртакашга ўхшаб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. Сабаби улар буюртмачи топиб, шартнома тузиш билан шуғулланади, холос. Яъни буюртмачи ва кўчадан олиб келинадиган мардикорлар ўртасида даллолликдан нарига ўтмайди, муқим усталари йўқ. Айримлари техникани ҳам бировдан ижарага олади. Ўзида йўқ бўлгандан кейин, аҳвол шундан нарига ўтмаслиги ҳам рост.
Тендерлардаги таниш-билишчилик, пулларни ўзлаштириш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Боз устига, шунча йиллар коллежларда турли касб эгаларини тайёрлаган бўлсак ҳам, бугун қурилиш ташкилотларига келиб ёлланаётган фуқароларимизнинг жуда кўп қисмининг қўлида ҳунари йўқ. Шунинг учун улар ҳар хил оғир ишларга жалб қилиняпти.
Тўғри, ишсизлик ва уни бартараф этиш тўғрисида жуда кўп гапирилмоқда, унинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриляпти. Масалан, ҳозир ўзимизнинг Самарқанд давлат университетида ҳам қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Аммо бевосита гувоҳ бўлиб, сезяпмизки, пудратчи ташкилотларга юқори малакали қурувчи усталар етишмайди. Оддий айтганда, пудратчилар кўчадан кимнидир топиб келиб ишлатмоқда. Кўп ҳолларда бундай ёлланма ишчилар ё «устабузармон» бўлиб чиқади ёки зиммасидаги вазифани вақтида сифатли бажаришга ярамайди ёхуд сифатсиз ишлайди, тажриба етишмайди.
Энг қисқа ва самарали йўл
Айнан мана шу оғриқли жиҳатлар ҳам мамлакатда йирик ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотларини кўпайтириш керак, деган хулосани беради. Бунга олиб борувчи энг қисқа ва самарали йўл эса жабҳада кластер тизимига ўтишдир.
Бу борада эса ҳатто икки ёки уч қутбли қурилиш кластерини ташкил этиш мумкин.
Унинг битта қутбидан, табиийки, таълим муассасалари жой олади. Масалан, буни вилоятимизда Самарқанд архитектура-қурилиш институтини ёки пойтахтда Тошкент архитектура-қурилиш институтини жалб этган ҳолда йўлга қўйиш мумкин. Бу айнан бугунги кун талаби, десак, айни ҳақиқат.
Боиси, юқорида қайд этилганидек, афсуски, юртимиздаги муҳандислик, архитектура йўналишларидаги олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш билан интеграцияси жуда кучсиз. Мутахассислар ҳам, олимлар ҳам, демакки, ўқув жараёнлари ҳам амалиётдан муайян даражада йироқлашган. Шу сабаб ҳам улар бугунги кундаги қурилиш технологияларини шогирдлари, талабаларига етказиб бера олмаяпти. Бу борада жиддий узилишлар мавжуд.
Иккинчи томондан эса қурилиш ташкилотларининг ўзлари ҳам илм-фан ютуқларидан анча олисда.
Олий таълим муассасалари билан қурилиш ташкилотлари негизида намунали кластерлар ташкил қилиш эса мазкур масалага ечим бўла олади. Буни йўлга қўйиш учун бугун шароит ҳам, вақт ҳам етарли, деб ўйлайман.
Бундай кластер таркибидан ихтисослаштирилган ОТМ, мустаҳкам моддий-техникага эга кўп тармоқли қурилиш ташкилоти, замонавий лойиҳалаш муассасаси, қурилиш индустриясининг айрим намуналари, тадқиқот лабораториялари жой олади.
Эскича қолиплардан воз кечиш керак
Бу борада аграр ёки самара келтираётган бошқа соҳалардаги кластерлардан ўрнак ва намуна олиш мумкин. Айнан шу йўл республикадаги иккита ихтисослаштирилган олий ўқув юртини эскича фаолият ҳамда фикрлаш қолипидан чиқариш, уларда сақланиб қолаётган стереотипларни бузган ҳолда, янгича муҳит яратишга хизмат қилади.
Бунинг учун эса, энг аввало, соҳада олий таълим муассасалари ишлаб чиқариш тизимига жуда яқин бўлиши, таъбир жоиз бўлса, ўзаро эгиз тутиниши керак. Яъни ўқув даргоҳлари ишлаб чиқариш билан ҳам ташкилий, ҳам мазмунан ёнма-ён ишласа, ўзаро амалий интеграцион жараён таъминланади. Энг муҳими, иккала тармоқдаги биз бугун билган камчиликларни бартараф этиш тезлашади. Янгиликларга ташна самарали муҳит пайдо бўлади.
Бундан англашиладики, кластернинг иккинчи қутбида яхши базага эга қурилиш ташкилоти туради. Унинг таркибидан қурилиш материаллари ва жиҳозлари тайёрлаб берадиган корхоналар ҳам ўрин олиши лозим. Шундагина илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш бир-бирини тўлдирувчи, тўйинтирувчи манбаларга айланади, ўзаро чамбарчас боғланади. Олий ўқув юрти мутахассиси соҳага бемалол кириб кетиш имкониятига эга бўлади, айни вазиятдан фарқли равишда ўз касбида иккиланиш бўлмайди, амалий масъулияти ошади, деб ўйлайман. Чунки барчаси бир тузилма остида бирлашади, гўёки аҳил оилага айланади. Олдингидан фарқли равишда таълим ва ишлаб чиқариш ўзаро тортишув кучи, бир-бирини ушлаб турадиган қудратли оҳанраболар сингари ҳаёт майдонига чиқади.
Айни пайтда эса, яна бир бор таъкидлаш жоиз, бугунги олий муҳандислик таълими учун амалиёт етишмайди, ишлаб чиқаришдан анча кўча берида юрибди, дейиш мумкин.
Саволлар кўп, жавоблар ҳаминқадар. Таклиф ҳам бор
«У ерда нима бўляпти, аҳвол қанақа? Ҳозирги меъёрий ҳужжатлар нимадан иборат? Қурилишнинг сифати қандай? Қилинаётган ишлар тўғрими-йўқми?» деган долзарб саволларга ҳам жавоблар ҳаминқадар. Тўғри, олий ўқув юртлари амалиётдан тўлиқ узилиб қолган, дейиш балки нотўғри бўлар. Лекин бу етарли ҳам, биз кутган даражада ҳам эмас. Иккинчи тарафдан ишлаб чиқаришда илм-фан ютуқларини қабул қилиш, ўзлаштириш даражаси ҳамон паст.
Бинобарин, институтлар негизида синов тариқасида, тажриба орттириш мақсадида яхши ўйланган қурилиш кластерини ташкил қилиш айни муддаодир. Унинг таркибида ўша қурилиш ташкилоти учун усталар, мутахассисларни тайёрлаб берадиган мактаб ҳам бўлиши керак. Улар коллежларга ўхшаб 2-3 йиллик, яъни узоқ муддатли эмас, балки 2 — 6 ойлик бўлиши даркор. Бу амалда ўзини исботлаган тажриба.
Гап шундаки, бир пайтлари йирик қурилиш ташкилотлари таркибида ўқув марказлари фаолият юритган. Уларга мактабни битириб, қурилиш соҳасида бирор ҳунарни эгаллайман, деган ёшлар қабул қилинар, қурилиш ташкилоти эса уларнинг таъминотини тўлиғича ўз зиммасига оларди. Улар олти ой ёки бир йилга бормасдан яхши дурадгор, яхши ғишт терувчи, монтёр, пайвандловчи, электрик бўлиб чиқарди. Чунки мазкур ўқув марказларида кечаги бакалавр эмас, балки юқори малакали ишлаб чиқариш усталари дарс берар эди.
Бошқача айтганда, асосий муаллимлар қўлида ҳунари, малакаси бўлган юқори разрядли мутахассислардан иборат эди. Табиийки, дарсларда урғу, биринчи навбатда, назарияга эмас, амалий тажрибани ўргатишга қаратиларди. Якунда ўрганувчиларнинг кўрсаткичларига қараб тоифа берилган. Ҳаётда синовдан ўтган мана шундай тажрибаларни қайта тиклаш ва ўзлаштириш эса зарар қилмайди, деб ҳисоблайман.
Таълим ва ишлаб чиқаришни ўзида мужассам этган қурилиш кластери эса нафақат олий таълим муассасаси, балки унинг таркибидаги техникумлар фаолияти самарадорлигини оширишда катта роль ўйнайди. Шу асосда ўрта бўғин техник ходимлари ҳам етказиб берилади.
Мактаб эса бевосита қурилиш ташкилотининг қошида бўлади. Унда қурилиш ташкилоти ўзи учун уста тайёрлайди. Ҳозирги кунда эса қурилиш ташкилотларининг аксарияти кўчадан, аниқроқ айтганда, дуч келганни олиб келиб ишлатмоқда. Оқибатда ишсиз деб ҳисобланган ёшлар кўп бўлишига қарамай қурилиш ташкилотлари юқори малакали усталарга эҳтиёж сезаётгани ҳам бор гап.
Малакали ишчи бировга қарам бўлмайди
Нима учун шундай? Нега ҳамон бизда ишсизлик кўп деймиз?
Бунинг асосий сабабларидан бири — ўша ишсиз деб ҳисобланган одамларга меҳнат бозорида талабгир бўлган юқори малакани бериш тизими кучсиз, саёз ва нобопдир. Ҳолбуки, бугунги кунда қурилиш тизимининг ўзида қанча одамни банд қилса бўлади.
Ҳозир бунёдкорлик ишлари кетмаётган бирорта шаҳар, туман, ҳудуднинг ўзи йўқ. Қолаверса, фуқароларимиз самарали кластер тизими ёрдамида яхши ҳунарни эгаллагандан кейин қайси чет мамлакатга борса ҳам, ҳунари билан кўчада қолмайди — дуч келган юмушни бажармайди. Касбига мувофиқ юқори тоифадаги вазифаларни бажариб, яхши маош олади, бировга қарам бўлмайди.
Бинобарин, мазкур долзарб масалани кўриб чиқиш ва унга ечим топиш вақти аллақачон етиб келган. Бунга эса қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати қатори қурилиш индустриясида ҳам кластер тизимини йўлга қўйиш орқали эришиш мумкин. Шу асосда нафақат маҳаллий доирада рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, хорижнинг илғор технологияларини ўрганиш ҳамда ўзлаштириш самарадорлиги ошади, балки ижтимоий бандлик сифатли таъминланади, жаҳон талабларига мос, инновацион ва узоқ муддат халққа хизмат қиладиган инфратузилмалар кўпаяди. Яъни соҳа қаддини ростлаб, ёрқин истиқбол сари дадил кириб боради.
Бунинг учун эса яна бир бор таъкидлаш ўринли, дастлабки қадам соҳага ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг бири негизида тўлиқ давлат тасарруфидаги, намунавий қурилиш кластерини ташкил этиш ҳисобланади. Мазкур қалдирғоч кластер эса назария ва амалиётни ўзаро уйғунлаштирган замонавий қурилиш маданиятини шакллантириб, олий техник таълим турлари мазмун-моҳиятини ҳам тубдан янгилайдики, токи юртимиздаги бошқа қурилиш ташкилотлари унинг фаолиятидан ўрнак олсин.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
сенатор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- АҚШ Украина учун тинчлик режасининг асосий элементини маълум қилди
- Швеция парламенти Украинага 600 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллади
- Дональд Трампнинг ҳибсга олиниш хавфи маълум бўлди
- Россия Беларусда ядро қуроли жойлаштиришни маълум қилди. АҚШда хотиржамлик, Европа Иттифоқи эса жавоб бериш билан таҳдид қилмоқда
- Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг