Қозондаги мактабга уюштирилган ҳужумнинг янги тафсилотлари маълум қилинди. Қурбонлар сони 11 нафарга етди, Президент воқеа жойига келди

14:58 11 Май 2021 Дунё
1674 0

Бугун, 11 май куни эрталаб Қозон шаҳридаги мактаблардан бирига ҳужум уюштирилди. Фавқулодда хизматлар хабарига кўра, Файзи кўчасида жойлашган 175-сонли таълим муассасасига икки нафар қуролланган шахс бостириб кириб, у ердагиларни ўққа тутган.

Ҳужумда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчи ҳалок бўлди

Ҳужум оқибатида 11 киши ҳалок бўлган. Улар орасида 7 нафар ўқувчиси ва бир нафар ўқитувчи бор. Яна 20 киши жароҳатланган. «РEН ТВ» телеканали эса отишмада 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Ҳужум бошланган вақтда мактаб коридорларида ўқувчилар бўлмаган. Чунки дарслар аллақачон бошланган эди. «РИА Новости» хабарига кўра, мактабдаги отишмадан кейин портлаш ҳам содир бўлган.

Ҳодиса гувоҳи бўлган ўқувчилардан бири журналистларга Қозон мактабидаги дастлабки ўқлар овози соат 9:40 да эшитилганини, бир киши бино ичига қурол олиб кириб ўқ отишни бошлаганини айтган.

«Ҳужум пайтида мен синфдошларим билан бирга синфда эдим. Тахминан соат 9:40 да қандайдир портлаш овози эшитилди. Бизга жим бўлинг, дейишди. Ва кейин бизни олиб чиқишди», дейди ўқувчи.

Татаристон Президенти воқеа жойига етиб келди

Татаристон Президенти Рустам Минниханов ҳам фавқулодда вазият содир бўлган жойга етиб келди. Шунингдек, воқеа жойига вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Марат Содиқов ҳам келган. Вазирлик таъкидлашича, мактабга 21 та тез тиббий ёрдам гуруҳи ва Республика табиий офатлар тиббиёти маркази шифокорлари юборилган.

Шифокорлар, полиция ва қутқарувчилар шошилинч равишда мактабга етиб келган. Болалар таълим муассасасидан эвакуация қилинган.

Ҳужумни 19 ёшли Россия фуқароси уюштирган

«База» Телеграм-каналининг хабар беришича, 19 ёшли Илназ Г. 175-сонли мактабда отишмани уюштирган. У ҳибсга олинган. Қўлга олиш пайтида у ўзининг яшаш жойига бомба қўйганини айтган. Илназ Г. олдин 175-сонли мактабда ўқиган, ўқитувчилар у ҳақида яхши фикр билдирмаган. Йигит хулқ-атвори ва яхши ўқиши билан ажралиб турмаган. Мактабдан кейин у коллежга ўқишга кирган.

«Лифе Шот» Телеграм-каналида ёзилишича, ҳибсга олингандан сўнг Илназ Г. ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан суҳбатда айрим фикрларни айтиб ўтган. У полицияга ҳаммадан нафратланишини ва ҳамма унинг «Худо» эканлигини билишини исташини айтган. Шу билан бирга, у фақат таълим муассасасига ҳужум уюштирганлигини таъкидлаган. Босқинчи Интернетда жойлаштирилган материаллар орқали бомба ясашни ўрганганини билдирган.

Мактабга ҳужум қилган шахснинг шериги бўлган. У бино ичида олти-етти кишини гаровга олган. Кейинчалик махсус кучлар мактабнинг тўртинчи қаватида уни йўқ қилган.

Шунингдек, Қозон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари 175-мактабда отишмани уюштирган йигитнинг шериги ҳибсга олинганлиги ҳақида хабар берган. Ҳибсга олинганнинг исми Рамил М. бўлиб, у 41 ёшда. Бироқ, Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) тушга яқин ушбу маълумотни рад этди. МАҚ маълумотларига кўра, отишма бир нафар қуролланган жиноятчи томонидан уюштирилган.

Путин отишмадан кейин фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган қурол турлари бўйича регламент ишлаб чиқишга кўрсатма берди

Россия президенти Владимир Путин Қозон шаҳридаги мактабдаги отишмадан кейин кўрсатмалар берди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников Россия раҳбарига таълим муассасасидаги вазият тўғрисида ахборот берган.

Ахборотдан кейин Путин Миллий Гвардия раҳбари Виктор Золотовга фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган қурол турлари бўйича янги регламентни ишлаб чиқишни буюрган. Шунингдек, президент Қозонга икки вазирни — Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашко ва Таълим вазирлиги раҳбари Сергей Кравцовни юборди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?