Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро умрбодга қамалди

11:18 12 Март 2025 Жамият
142 0

Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятида 4 нафар ватандошини ёқиб юборган 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар бермоқда «Мой Город» нашри.

Таъкидланишича, ёнғин 2024 йилнинг май ойида Байтерек туманида содир бўлган. Мазкур ёнғин оқибатида мамлакатга мавсумий ишлаш учун келган 4 нафар Ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлган ҳамда бир нафари куйиш жароҳати олган.

Тергов материалларига кўра, фожиа содир бўлган куни айбланувчи ва унинг юртдошларидан бирининг ўртасида низо келиб чиққан.

«9 май куни уларнинг орасидан бири ўз туғилган кунини нишонлаган. Судланувчи алкоголь истеъмол қилганлиги туфайли маст ҳолатда бўлган. Уни бир неча бор ташқарига олиб чиқиб, тинчлантиришга ҳаракат қилишган, аммо айбланувчи яна қайтиб келиб, болта билан шу ердаги одамларга ташланган ҳамда «ҳаммангни ўлдираман» деб таҳдид қилган. Сўнг ташқарига чиқиб, бензин солинган идишни олиб, ёниб турган газ плитаси устига ташлайди. Бино ёнувчи материаллардан қурилгани туфайли тезда аланга ичида қолган», — дейилади судья Аслабек Дюсенгалиев нутқида.

Дастлабки текширувлар натижасида ёнғин сабаб ҳалок бўлганларнинг икки нафари Худойбердиевлар, яна икки нафари эса Намозовлар оиласига мансуб ака-укалар эканлиги ойдинлашган.

Мазкур суд жараёнида марҳумларнинг оила аъзолари онлайн тарзда иштирок этган. Улар маънавий ёки моддий зарар учун даво аризаси киритмаган. Фақатгина, суддан айбланувчини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб қилган.

Шунингдек, айбланувчи ўз айбини қисман тан олган. У газ плитасига улоқтирган идиш Ичида бензин эмас, сув бор деб ўйлаганини айтган ҳамда суд ишини қасддан одам ўлдириш эмас, эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлган ҳолат сифатида давом эттиришни сўраган.

Суд айбланувчининг гапларини инобатга олмаган ҳамда икки ёки ундан ортиқ одамни қасддан ўлдиришда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?