Қотилликнинг илдизи қаерда?
Саминжон ҲУСАНОВ. / “Халқ сўзи”. Андижон вилоятида содир этилган икки қотиллик кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортибгина қолмасдан, қалбларни ларзага солди.
Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро маст ҳолда турмуш ўртоғига пичоқ ўқталди. Якунда эса иш юзасидан вазиятга аралашган ҳудуд профилактика инспекторини пичоқлаб қўйди. Иккинчи ҳолатда эса Андижон шаҳрида яшовчи эркак турмуш ўртоғининг умрига зомин бўлди. Боиси, аёл мактабда фаррошлик қилар, эр эса унинг ишлашига қарши эди. Рўзғордаги етишмовчилик эр-хотин ўртасидаги зиддиятга сабаб бўлди.
Ҳар иккала фожиани таҳлил қиладиган бўлсак, фикрлар бир жойда тўқнашади: оила ичидаги муаммоларнинг ечимсиз қолиши. Эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик, феъллар бир-бирига мос келмаслиги, ичкилик, ишсизлик, турмуш босими, мулоқотнинг йўқлиги — буларнинг барчаси, гарчи оиладаги ўзаро муаммо, ташвишга ўхшайдию, лекин натижаси жамиятга соя солмоқда.
– Биз бор тажрибамизни ишга солиб, фарзандларимизга нафақат, таълим, балки тарбия ҳам беряпмиз, —дейди андижонлик ўқитувчи Фотимахон Файзиева. —Бироқ, баъзи оилалардаги муҳит йигит-қизларнинг руҳиятига салбий таъсир қилмоқда. Оилада муҳаббат, ўзаро ҳурмат бўлмаса, ўша фарзанд қандай қилиб ҳаётга тайёрланади? Биз катталар аввал ўзимизни тарбия қилишимиз керак.
Андижон шаҳрида яшовчи руҳшунос Гулбаҳор Ибодуллаева эса ўз фаолияти давомида бу каби ҳолатларга кўп дуч келаётганини айтади:
– Оилавий можаролар ҳақида фикр юритар эканмиз, ҳар доим аёл сукут сақлаши, эрдан бир поғона пастда туриши кераклигини уқтирамиз. Бироқ, бугунги кунда бу ҳар доим ҳам ижобий натижа бермаяпти. Аёлнинг сукут сақлаши, эр ўзини ҳақ деб билиши фожианинг бошланишига олиб келмоқда. Сукунат тушкунлик белгиси бўлмаслиги керак, у эрга нисбатан ҳурмат ифодаси бўлсагина натижаси самара беради. Биз оилаларга ўзаро тинглашни, тушунишни, ҳамдард бўлишни ўргатишимиз керак. Аёлнинг меҳнати нафақат зарурат, балки оилани сақлаб қолиш учун қилинган кураш, деб қабул қилишимиз даркор. Бундай пайтда уни қўллаб-қувватлаш лозим.
Тўғри, мутахассис сифатида воқеага баҳо бериш бирмунча осонроқ. Бироқ, ана шу муҳитда яшаш қийин. Шунинг учун айбдорни излагандан кўра сабабларни таҳлил қилган афзалроқ.
Иккала фожиа ҳам биздан савол сўраяпти: хўш, биз оилавий муносабатларга қай даражада эътибор қаратяпмиз? Оилаларнинг мустаҳкамлиги фақат никоҳ ёки қон-қардошлик билан эмас, балки муносабатлар маданияти билан белгиланиши керак эмасми? Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунга келиб маҳаллада оилалар билан ишлайдиган махсус психологик маслаҳат гуруҳлари фаолиятини шакллантириш керак. Бунда нуронийлар, отинойилар тажрибасидан фойдаланиш мумкин. Можаролар судга етиб бормасдан, шахсий маслаҳат орқали ҳал қилинишини даркор. Ичкиликбозликка қарши маҳаллий кенгашлар ва имом-хатиблар орқали қатъий тарғибот олиб борилиши зарур. Оилаларда аёллар меҳнатига бўлган муносабатни ўзгартириш шарт.
Ҳар қандай жиноятни жазо эмас, унинг олдини олиш ҳал қилади. Ҳар бир эркак ва аёл оила қуришни нафақат бахт, балки масъулият деб билиши керак. Фарзандлар тарбиясида нафақат гап, балки феъл-атвор, муҳит ва севги муҳим. Қотиллик — охирги нуқта. Лекин унутиш керак эмас: унинг бошланиши ҳар куни бир-биримизни тушунмаслигимиздан, нотўғри муносабатимиздан келиб чиқади. Мақсад айбдор қидиришдангина иборат бўлиб қолмаслиги керак.
Муҳими, ундан сабоқ чиқаришимиз керак. Агар сабоқ олмасак, яна қайсидир хонадонда эртанги кун фожиаси учун шароит яратиб берган бўламиз, шундай эмасми? Хулоса эса сиздан азиз замондош!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг