Қўштирноқдан эҳтиёт бўлинг!

22:23 20 Октябр 2021 Жамият
942 0

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда айримлар тил қоидаларини бузиб бўлсада, ўқувчиларнинг эътиборини тортиш учун турли «янгилик»лардан фойдаланмоқда. Кимдир кўчанинг чапани тилини «адабий тил» га айлантириб олган бўлса, бошқаси шевани. Яна биров ўринсиз ҳолда ва урғу бериш мақсадида баъзи сўзларни бош ҳарфларда битмоқда. Яна қайсидир ахборот улашувчилар ваҳимали рукнларга зўр бермоқда, масалан, «ДАҲШАТ».

Шу ўринда мулоҳаза. Ҳаётда, ўзаро сўзлашувда ҳар қандай нохуш хабар ҳам одатда вазминлик билан етказилади, “Эшитдингизми?” “Хабарингиз борми?” каби талқинда ва натижада ахборотни қабул қилувчини бирданига ваҳима босмайди, юрак-қон томирми, асаб билан боғлиқми, қўрқув ёки ҳаяжон туфайли хавфли тус оладиган нимадир дарди бўлса, у қадар таъсирланмайди. Демоқчимизки, хабарни узатишда ўқувчилар аудиториясининг руҳиятини ҳам ўйлаш керак. Дейлик, “ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди”. Ўз-ўзидан маълумки, шу сарлавҳанинг ўзи фожеани яққол англатяпти. Унга яна “Даҳшат” деб урғу бериш шартмикан?! Қолаверса, ушбу нохуш воқеада ҳалок бўлганларнинг чуқур қайғуда қолган яқинларини ҳам эътиборга олиш лозим. Халқ тилида айтганда, яра қалбларга туз сепмаган маъқул.

Энди яна бир нозик жиҳат, қўштирноқ белгисини қўллаш ҳақида. Кўп элементли ушбу чегараловчи белги бир неча ҳолатларда ишлатилади. Шулардан бири пичинг, кесатиқ, кинояни англатишда. Масалан, шу матндаги “янгилик” сўзининг қўштирноққа олинишида киноя бор. Лекин маънога урғу бериш учун, дейлик, доно сўзини қўштирноққа қамасак, нима бўлади? Албатта, “нодон” сўзи тушунилади. Эркак сўзини “эркак” шаклида ёзсак, “эркак эмас” маъноси келиб чиқади-ку. Хуллас, бу ажабтовур луғатни яна давом эттириш мумкин.

Муддао шуки, битта тиниш белгиси, жумладан, вергул гапни аслидан  бутунлай бошқа маънога, ҳаттоки ижобийдан салбийга айлантириб юборганидек, ўз ўрнида тўғри қўлланилмаса, қўштирноқ ҳам айни ҳолатни юзага келтириши ва бу хато инсон шаъни билан боғлиқ бўлса, қайсидир кўнгилни оғритиб қўйиши мумкин.

Шундай экан, тил қоидаларига риоя қилайлик, хусусун, қўштирноқни ишлатиш тартибларига ҳам.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?