Қошқайрон боғларида қишда ҳам боғбонларнинг юмуши қизғин
Риштон туманидаги “Қошқайрон” МФЙ аҳли азалдан боғдорчилик соҳасидаги миришкорлиги билан машҳур. Бугун маҳалла боғларида ота-боболардан мерос Риштоннинг қандак ўригини етиштириш тажрибаси илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар ҳамда янгича ёндашувлар асосида жадал ривожланмоқда.
Айни пайтда маҳалла аҳолиси тасарруфида 350 гектар мевали боғ бўлиб, кейинги йилларда унинг салмоқли қисми замонавий мезонлар асосида янгиланди. Эски ва самарасиз боғлар ўрнида серҳосил, экспортбоп навлар экилди. Ҳозирги кунда интенсив боғларда қандак ўрик билан бирга, шафтоли, олма ва гилос сингари харидоргир мевалар парвариш қилиняпти.
Шу кунларда мўл ҳосил умидида Қошқайрон боғларида дарахтларга шакл бериш, маҳаллий ўғитлар билан қувватлантириш, пайвантак қилиш ишларига киришилган. Шу боис қиш чилласи бўлишига қарамай маҳалла боғбонларининг юмуши қизғин.
—28 гектарли боғимизда асосан қандак ўрикнинг бир неча навларини парваришлаймиз. Шу билан бирга, ўнга яқин мевалар етиштирилади,—дейди “Роҳатбахшида замин” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Тешабоев.—Ҳозирда хўжалигимиз аъзолари билан биргаликда шакл бериш ишларини якунига етказяпмиз. Бу ҳосил тақдирини ҳал қиладиган жуда ҳам масъулиятли палла. Шунинг учун ушбу юмушга энг тажрибали боғбонлар жалб этилади.

Қошқайронлик боғбонлар янгича ёндашувлар асосида қандак ўрикнинг қадимий навларини тиклашга ҳаракат қилаётгани эътиборга молик. Шунингдек, ўрик ҳосилини узоқ муддат сифатини бузмаган ҳолда табиий усулда сақлаш бўйича ҳам қувонарли ютуқларга эришиляпти. Қошқайронда ўрикни табиий усулда қуритиш ва сақлашда ўзига хос маҳорат мактаби шакллангани туфайли у Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Хитой, Россия бозорларида жуда ҳам харидоргир ҳисобланади.
Яқин йилларда Европадан янги гилос нави олиб келиниб, интенсив усулда кўпайтирилмоқда. Маҳаллий иқлим шароитига мослашиб улгурган ушбу нав ҳосили қўшни мамлакатлар, Россия бозорида аллақачон харидоргир маҳсулотга айланди.
Айтиш жоиз, бугунги кунда маҳалла тадбиркорлари томонидан 2 минг тонна сиғимга эга 3 та музлатгичли омборхона ташкил этилган. Бу дармондориларга бой меваларнинг керакли захирасини яратиш ва йил мобайнида экспорт қилиш имконини беради.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
- Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қисқа фурсатга тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг