Қорақалпоғистонда беш нафар Ўзбекистон Қаҳрамони чиққан олий даргоҳ янги биноли бўлди

14:02 30 Август 2024 Жамият
113 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ўтказилган «Сен табаррук даргоҳисан билимнинг!» номли тадбир янги ўқув биносининг тантанали очилиш маросимига бағишланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни мамлакатимизда кенг миқёсда нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан табриклади. Қорақалпоғистондаги дастлабки олий таълим муассасаси – Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилиши байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Бу институт нафақат республикамиз, бутун Марказий Осиёда олий таълим соҳасида ўз ўрнига эга. Институт битирувчилари орасидан 5 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 6 нафар академик, кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, турли соҳа фидойилари етишиб чиққан.

— Давлат бюджети ҳисобидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилиб, институтимизга икки минг ўринли янги ўқув биноси қуриб берилди, — дейди Нукус давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчиси Қувондиқ Қодиров. — Замонавий ўқув ва маъруза аудиториялари, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар, IT-инкубация, ахборот-ресурс марказлари, регистратор офиси ҳамда бошқа кўпгина қулайлик ва имкониятлар яратилган. Бугунги кунда институтимизда талабалар сони 17 мингга яқин.

Эътиборлиси, ушбу янги бино институтнинг 90 йиллик тўйига, шу билан бирга, олий таълим муассасасига исми берилган буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига муносиб совға бўлди.

Тадбир иштирокчилари янги ўқув биносида талабаларнинг таҳсил олиши, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиши, эгаллаган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?