Қорақалпоғистон Республикаси: янгиланиш йўлидаги дадил одимлар

16:19 05 Сентябр 2025 Жамият
96 0

Кейинги йиллардаги ислоҳотларга назар солар эканмиз, фақат ўзгаришларни эмас, балки янгиланишни, тараққиётни, ҳаётга бўлган ёндашувдаги туб бурилишни кўрамиз. Шундай ислоҳотлар бўлдики, улар фақат тизимни эмас, тафаккурни ҳам ўзгартирди.

Сўзимизга мамлакатимизнинг барча ҳудуди қатори Қорақалпоғистон Республикаси тимсолида истаганча мисоллар топиш мумкин. Бу ўлкадаги улкан ўзгаришлар, эврилишлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбига Қурур-ифтихор бағишламоқда. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга доимий эътибори, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган аниқ мақсадли дастурлар халқнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг “Биз учун Қорақалпоғистон ютуғи — бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши — бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган гаплари ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

2016 йилда Президентимизнинг “Маданиятни Мўйноқдан бошлаймиз” деган чақириғи ҳозир амалда намоён бўлиб турибди. Мўйноқ тубдан янгидан қурилди. Нукус — Мўйноқ авиақатнови йўлга қўйилди. Оролнинг қуриган майдонида 2 млн. гектардан зиёд яшил макон барпо қилинди. Янгидан Тахиатош ва Бўзатов туманлари ташкил этилди. Президентимизнинг махсус Фармон ва қарорлари билан ҳар бир туманда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари тасдиқланди.

Қорақалпоғистон “яшил” энергетика, аграр соҳада ишлаб чиқариш ва туризм марказига айланади. 10 ГВтдан ортиқ “яшил” энергия манбаини яратиш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда — бу минтақани мамлакат ичидаги энергия экспортчисига айлантиради ва электр нархини пасайтиради. Қўнғирот туманида саноат корхоналари учун солиқ ва энергетика имтиёзлари билан “Яшил кластер зонаси” ташкил этиш кўзда тутилган. У ерда қувватларнинг 90 фоизи қайта тикланадиган манбалардан олинади.

Қишлоқ хўжалиги қайта ишлаш ва чорвачиликка йўналтирилади. Ўн йил ичида гўшт ва сут ишлаб чиқариш 3 баробар ошиши кутилмоқда. Кунжут ва мош каби янги экинлар етиштиришни кенгайтириш экспортни кўпайтириб, Туркия ва Саудия Арабистони бозорларига чиқишга ёрдам беради.

Туризм соҳасида халқаро операторлар билан келишувлар имзоланган. Кейинги йиллар Қорақалпоғистон учун баракали келди, дейиш мумкин. Янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, IT-парк ишга туширилди. Қорақалпоғистонни Хоразм билан боғлайдиган 423 метрли янги автомобиль ва темир йўл кўприги очилди. Бу орқали юк ва йўловчи ташиш масофаси 180 километрга қисқарди. 323 млн. доллар ҳисобига янгидан қурилган Қўнғирот — Бейнов автомобиль йўлининг 240 километр қисми фойдаланишга топширилди. Шунинг ўзи транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 млн. долларга ошишига замин яратади. 196 километрлик Мискин — Нукус темир йўлини электрлаштириш ишлари ҳам юқори суръатларда олиб борилмоқда.

Ҳудудда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳалари учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Хорижий инвесторлар ва мутахассислар ҳам Қорақалпоғистонда даромад топиш учун катта имкониятлар пайдо бўлганини айтяпти. Масалан, мавжуд иқтисодий салоҳият комплекс таҳлил қилиниб, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизматлар соҳасида 2,5 млрд. долларлик имкониятлар аниқланган. Мўйноқнинг ўзида камида 1 млрд. долларлик туризм лойиҳалари учун салоҳият бор. Яхлит мажмуаларни ишга тушириб, 1 млн. сайёҳга хизмат кўрсатиш ва 5 минг аҳолини даромадли қилиш мумкин. Нукус шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан халқнинг розилиги уларнинг юзларида акс этиб турибди.

Мўйноққа қайта ҳаёт бағишлади

Афсуслар бўлсинки, Орол денгизининг қуриши бизга жуда қимматга тушди ва ҳамон бунинг ортидан келаётган азиятлар давом этяпти. Ваҳоланки, яшаётган маҳалламиз ёки қишлоғимиздаги кичкинагина ариқдан сув оқмай қолса, қанчалар ташвишга тушамиз. Бу ариқ ўрнида денгиз бўлса-чи, ташвишимиз минг чандон ошади. Уни асраб қолишдаги чорасизлик эса ундан ҳам ёмон. Сув — бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Бугунимиз, эртамиз мана шу обиҳаётга, сувга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари халқнинг айни масаладаги дардини ҳис қила билди, фожиа кўламини камайтиришга бел боғлади. Айниқса, Қорақалпоғистоннинг энг оғир нуқтаси — Мўйноққа қайта ҳаёт бағишлади.

Мўйноқлик кўпни кўрган отахонларнинг айтишларича, ўтган асрнинг 60-йилларида пахтани суғориш учун Амударёдан мелиоратив каналлар тортилиши Орол денгизига қанчалар салбий таъсир этган бўлса, Мўйноқ туманига ҳам шу қадар зиёну заҳмат келтирган. Жумладан, Орол денгизининг суви тобора камайиб, 90-йиллар бошида туман саноатининг юраги бўлмиш балиқ консерва заводи буткул ёпилди ва ишсизлик авж олди. Аҳоли уйларини ташлаб, Нукус, Қўнғирот ва бошқа шаҳарларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Чанг-туз бўронлари сони ва зарар кўламининг кескин ошиши ортидан кўз, ошқозон-ичак, тери касалликлари кўпайди. Ер ости сувларининг сатҳи сезиларли пасайиб, ҳудуднинг чўлланиш жараёни тезлашди. Улкан бандаргоҳ катта-кичик кемалар қабристонига айланди...

Шукрки, бугун Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг куюнчаклиги, фидойилиги, ғамхўрлиги ва саъй-ҳаракатлари билан Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият қайта изга тушмоқда. Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш, янада аниқ айтсак, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтларига эътибор, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда мавқеини ошириш сингари долзарб масалалар ечимига улкан эътибор қаратилмоқда. Мўйноқ шаҳрини мутлақо янгидан тиклаш, саноат корхоналари, кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш бинолари, таълим муассасалари барпо этиш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга катта маблағ ва куч йўналтирилди. Айниқса, ҳудудда туризм инфраструктурасини яратишга алоҳида аҳамият бериляпти.

2018 йилнинг декабрь ойларидан бошлаб денгизнинг қуриган ҳудудида ўрмон барпо этиш жараёнига киришилди. Мазкур ишга Оролбўйидаги барча ўрмон хўжаликлари, мингдан зиёд мутахассис ишчилар, техникалар жалб қилинди. Шу ернинг ўзида яшаш учун барча шароит яратилди. Ҳақиқатан ҳам, бугун мамлакатимиз аҳолиси Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини яратиш ишларида астойдил меҳнат қилмоқда ва бунинг натижалари бугун кўзга кўринмоқда.

2020 йил 12 февралда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Қарангки, орадан кўп ўтмай, Қорақалпоғистон дунёнинг энг ноёб 16 туристик масканидан бирига айланди. Бу борада Марказий Осиёдаги энг йирик электрон мусиқий фестивалнинг ўтказилиши, “Саҳродаги Лувр” деб ном олган музейнинг дунёга машҳур авангард коллекцияси, тунги осмоннинг энг қо­ронғи зонаси ва унинг остида жойлашган ўтовлар мажмуасини алоҳида таъкидлаш мумкин. Қорақалпоғистонга бугун “Орол денгизининг Ватани” дея алоҳида таъриф берилмоқда.

Қисқача айтганда, ҳозир Мўйноқдаги ўзгаришлар унга ҳаёт қайтаётганидан дарак бермоқда. Бу жараённи биз туман марказида қад кўтарган 800 ўринли амфитеатр, Давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, янги қурилган спорт зали, ёпиқ бассейн, маданият маркази ва стадион ҳамда бошқа масканлар мисолида кўришимиз мумкин. 2020 йилда 25 млрд. сўм маблағ эвазига Мўйноқ консерва заводи ҳам қайта тикланиб, бу ерда балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Хуллас, яқин пайтларгача ўз ҳолига ташлаб қўйилган Қорақалпоғистон бугун имкониятлар ўлкасига айланди. Биргина Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд табиий ва меҳнат ресурсларидан тўлиқ, самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган манзилли чора-тадбирлар ҳудудга янгича сурат ва сийрат бағишлаганини юксак ифтихор билан эътироф этиш мумкин.

Тараққиётнинг муҳим устуни

Яна бир муҳим воқелик. Кўп миллатли жамиятларда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик — тараққиётнинг энг муҳим устунларидан бири. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон — кўп миллатли аҳил оила” Қояси бугунги кунда нафақат мафкуравий, балки амалий ҳаётий мезон даражасига кўтарилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ҳам ушбу эзгу Қояни ўз фаолиятининг асоси сифатида билиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунда университетимизда ўн бешдан ортиқ миллат ва элат вакиллари таҳсил олмоқда. Қорақалпоқ, ўзбек, рус, қозоқ, тожик, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллари биргаликда илм-фан, таълим, спорт ва маданият соҳаларида фаолият юритмоқда.

Университетда яратилган маданиятлараро мулоқот муҳитининг ижобий самарасини талабаларнинг эркин фикрлаши, очиқ мулоқоти ва дўстона муносабатларида ҳам яққол кўриш мумкин. Олийгоҳда барча миллат вакилларига тенг шароит яратилган бўлиб, таълим қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Бу эса турли миллат вакиллари ўртасида билим олишда тенглик ва қулайликни таъминлаб, умумий мақсад сари биргаликда ҳаракат қилишга замин яратмоқда. Университетимизда доимий ва анъанавий тарзда ўтказиладиган “Халқлар дўстлиги” фестивали барча миллат ва элат вакилларининг ўзига хос маданиятини бир саҳнада жамлаб, талаба-ёшлар орасида чинакам дўстлик ва бағрикенглик руҳини мустаҳкамламоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори билан қорақалпоғис­тонлик ёшларга жуда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида 2022 йил 31 августдаги Президент Фармони билан 2023/2024 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун давлат гранти асосида қўшимча 3000 та квота, шунингдек, тўлов-шартнома асосида қўшимча 6500 квота ажратилган бўлса, 2024/2025 ўқув йилида ҳам минтақа шаҳар ва туманлари учун зарур кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, 10 000 та қўшимча квота берилди. Бунда вилоятлардаги олий таълим муассасаларини танлаган абитуриентлар учун қўшимча тўлов-шартнома асосида 7000 квота ажратилган бўлса, бу рақам Қорақалпоғистон Республикасидаги олий ўқув юртлари учун 2000 та квота, Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари учун 1000 тани ташкил этди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан университетимизда 2022/2023 ўқув йилида 412 нафар, 2023/2024 ўқув йилида 172 нафар, 2024/2025 ўқув йилида 333 нафар хотин-қизнинг шартнома пуллари давлат томонидан тўлаб берилди.

Бугун орқага қараб, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни кўриб, мамлакатимиз ривожида қандай катта сакраш, улкан ҳаракатлар юз берганини, қандай мардона босқичлар босиб ўтилганини англаймиз. Энди эса олдимизда янги уфқлар, эзгу орзулар, аниқ мақсадлар турибди. Президентимиз бошлаб берган ислоҳотлар янги Ўзбекистоннинг эртаси маърифатли, кучли, барқарор тараққиётга йўналтирилган бўлишига ишончимиз комил.

Аҳмед РЕЙМОВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?