Қўқон халқаро фестиваль меҳмонларига мунтазир

Маълумки, жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида учинчи халқаро ҳунармандлар фестивали бўлиб ўтади. Айни пайтда латиф шаҳарда ушбу нуфузли анжуманга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Халқаро фестивалда Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши президенти бошчилигидаги делегация, дунёнинг турли давлатларидан ҳунармандлар, олимлар, ОАВ вакиллари ва бошқа нуфузли меҳмонлар иштирок этиши кутиляпти. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан машҳур ҳунармандлар таклиф этилган бўлиб, ҳар бир вилоят учун алоҳида павильонлар ажратилган.
Ўз навбатида, ранг-баранг тадбирлар доирасида шаҳар кўчалари бўйлаб фестиваль қатнашчиларининг тантанали юриши, маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси, маҳорат дарслари, халқаро илмий-амалий конференция, китоблар тақдимоти, халқ сайиллари, концерт дастурлари ташкил этилади.
Шу кунларда фестивалнинг асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган Ўрда майдонида Ҳунармандлар павильонини барпо этиш ишлари якунига етказилмоқда. Бу юмушни 2019 йили Қўқонда бўлиб ўтган илк халқаро ҳунармандчилик фестивалининг бош соврин соҳиби, Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов шогирдлари билан бирга бажаряпти. Бу ерда Фарғонанинг рамзий дарвозаси, нақшинкор устунлар, савдо расталари ўрнатилади.
Шаҳарнинг Сарбозлар кўчасида эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келувчи ҳунармандларга ўз маҳсулотларини намойиш этиши учун махсус расталар бунёд этиляпти. Маҳаллий ҳунармандлар растаси 15 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаб, вилоят аҳолиси ва меҳмонларга хизмат кўрсатишга киришади.
— Фарғона вилояти павильони тайёр, — дейди таниқли рассом Отабек Шокиров. — Пардозлаш, жило бериш ишларида миллий қадрият ва анъаналарга хос услублар, халқ амалий санъати дурдоналаридан унумли фойдаланилди.
Айни пайтда юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келадиган ҳунармандлар учун ажратиб бериладиган расталарда жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда. Фестиваль кунлари мазкур ҳудудда иштирокчиларга барча қулайликлар яратилади.
Тараддуд ишлари доирасида куни кеча “Kokand Craft House” миллий ҳунармандчилик кўргазма ва савдо маркази ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Қўқон университети ҳамкорлигида заргар Раънохон Бўтабоева ташаббуси билан ташкил этилган марказда миллий ҳунармандчилигимиз ва туризмни ривожлантириш, хотин-қизларни кичик бизнес ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича амалий ишлар олиб борилиши мақсад қилинган.
Дарҳақиқат, ушбу марказда доимий кўргазма ва савдо фаолиятини йўлга қўйиш, ўз навбатида, имконияти чекланган қизлар, ҳунармандчилик соҳасида тадбиркорлик қилиш истагидаги оила бекаларини касб-ҳунарга ўргатиш режалаштирилмоқда.
— Худоёрхон Ўрдаси, Жомеъ масжиди, Норбўтабий, Даҳмаи Шоҳон каби ўнлаб мадрасалар ва бошқа тарихий-маданий обидалар, туризм маршрутлари рўйхатига киритилган объектларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими раҳбари Манзур Абдуллаев. — Ҳар бир ишда кўҳна кентимизнинг тарихи, маданияти, адабиёти ва ҳунармандчилиги намоён этиляпти. Бу юмушларда қўқонлик зиёлилар, нуронийлар, ҳунармандлар ва янги авлод вакиллари фаоллик кўрсатмоқда.
Ўрда майдонида ноёб манзарали дарахтларга шакл берилиб, анвойи гуллар аллеялари яратилди. Мусиқали фавворалар ишга туширилди. Истиқлол туризм кўчаси 24/7 режимида фаолият кўрсатиши учун барча шароит муҳайё этилди. “Қози маҳалла” МФЙда ташкил этилган гастрономик туризм кўчасида эса миллий услубда қуриб битказилган хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди.
Шаҳардаги барча шоҳкўчалар, хиёбонлар, ҳордиқ масканлари, ижтимоий-маданий объектларда мукаммал таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Фестивалнинг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Ўрда майдонида белгиланган юмушлар якунига етказилмоқда. Бу файзли масканда тантанали очилиш ва ёпилиш маросими, театрлаштирилган бадиий дастур ташкил этилади.
Бир сўз билан айтганда, бугун Жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга Қўқон шаҳри ҳар жиҳатдан ўз кўрки ва таровати, латофатини намоён этиб, барчани халқаро фестивалга чорламоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг