Қўмита мажлисида бир қатор қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди

17:41 19 Сентябр 2025 Сиёсат
94 0

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда дастлаб «Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Ушбу Қонун аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, пиротехника воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва тарқалишига чек қўйиш, уларнинг муомаласини қатъий назоратга олишга қаратилган.

Сўнгги йилларда пиротехника воситаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари ортиб бораётгани, натижада фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғилаётгани таъкидланди.

Статистика маълумотларига кўра, 2022 йилда 1 997 нафар, 2023 йилда 1 342 нафар, 2024 йилда эса 2 891 нафар шахс пиротехника воситалари ноқонуний муомаласи билан шуғуллангани учун жавобгарликка тортилган. Айниқса, байрам кунлари ёш болалар орасида жароҳатланиш ҳолатлари кўпайган.

Шу боис пиротехника воситаларининг эркин ва чекланган муомаласини қонун даражасида белгилаш ва жавобгарлик чораларини кучайтириш ўта долзарб вазифага айланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши эса мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, улар ноқонуний айланишининг олдини олиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, кун тартибидаги иккинчи масала — «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётган бўлсада, айрим ҳуқуқий нормалар самарадорлигини ошириш зарурати мавжуд.

Қайд этиш лозимки, ҳайдовчиларга 2024 йилда содир этилган қоидабузарлиги учун расмийлаштирилган қарор сервердаги носозликлар сабабли орадан 11 ой ўтиб юборилганлиги аҳоли орасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлди.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.

Қонунда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш муддатлари бир ой билан чекланмоқда. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларининг кам аҳамиятли бузилиши учун маъмурий огоҳлантириш чораси жорий этилмоқда.

Мажлис давомида «Айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда валюта соҳасини такомиллаштиришга, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳада айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ва амалий муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Қонун билан уларни бартараф этиш, ноқонуний муомала ҳолатларига чек қўйиш, жиноий жавобгарлик чораларини аниқ белгилаш кўзда тутилган.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?