Қишлоқ хўжалиги рассомлар нигоҳида: «Арт Караван Агро» – санъат ва меҳнат уйғунлиги

11:13 16 Май 2025 Жамият
137 0

Ер ҳаётнинг бешигидир. Дон уруғидан бошлаб, мевалар, гуллар, дарахтлар, ниҳоят, инсоннинг ўзи ҳам – бу ҳаёт сарчашмасининг бетакрор мўъжизаларидир. Тошкент давлат аграр университетида илк бор ўтказилган «Арт Караван Агро» халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали айнан шу мўъжизани санъат орқали ифодалашга уринди. Бу нафақат бир санъат тадбири, балки деҳқончилик ҳаётининг янги бадиий талқини, агросоҳани рассом нигоҳида қайта кашф этиш бўлди.

Санъат орқали тупроққа ҳурмат

Фестиваль очилиш маросими университетда чинакам байрамона руҳда ўтди. Ушбу маросим санъат ва меҳнат уйғунлигини ифодаловчи тимсолга айланди. «Аграр юлдузлари» ансамбли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва миллий рақслар меҳмонларга ўзбек қишлоғи ҳаётини ифодалаб, мусиқий оҳанг ва ҳиссиёт орқали фестивалга илиқлик бахш этди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон рассомлари билан бирга, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган 20 дан ортиқ профессионал рассомлар ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг иқтидорли талабаларидан иборат «ижодий карвон» бир ҳафталик сафарга отландилар. Улар шунчаки манзара тасвирлаш эмас, балки қишлоқ меҳнати, табиат ва инсон ўртасидаги муштарак ҳаётни ҳис этишга, қалб орқали идрок қилишга ҳаракат қилдилар.

Ҳар бир манзил – рассом учун бадиий илҳом манбаи, табиат билан руҳий мулоқот бўлди.

Зангиота – тарих ва деҳқончилик излари

Ижодий сафарнинг илк манзили Зангиота зиёратгоҳидаги қадимий обидалар билан бошланди. Меъморий ёдгорликлар фонида рассомлар устоз-шогирд анъанаси доирасида миллий мерос, урф-одатлар ва замонавий қишлоқ ҳаётининг бадиий уйғунлигини тасвирлашга интилдилар. Меҳнатга, ерга бўлган эҳтиром уларнинг асарларида акс этди.

Юсуфхона – ҳосил, табиат ва руҳ уйғунлиги

Фестивалнинг навбатдаги манзил – Бўстонлиқ туманидаги Юсуфхона маскани эди. Дарахтзорлар, ҳосилпишар далалар, тер тўкаётган деҳқонлар — бу манзаралар рассомлар нигоҳидан ўрин олди. Улар нафақат ташқи манзарани, балки ҳар бир ҳаракат, ҳар бир меҳнат ортидаги руҳий кучни асарларига сингдирдилар.

Оқтош – тоғлар бағридаги ҳаёт

Навбатдаги манзил Оқтош қишлоғига бағишланди. Тоғ ва водийлар манзараси орасида ҳайдов ишлари, чорвадорлар меҳнати акс этган санъат асарлари яратилди. Рассомлар акварель, пастел, график ва рангтасвир техникаларида турли услубда иш олиб бориб, табиат ва инсон ўртасидаги уйғунликни бадиий образларга айлантирдилар.

Хумсон – якун эмас, илҳомнинг бошланиши

Фестивалнинг кейинги манзили – Хумсон. Бу ерда рассомлар қишлоқ ҳаётининг руҳини янада чуқурроқ англашга уриндилар. Болалар, боғбонлар, меҳнаткаш аёллар, яйловлар ва моллар, дарахт тагидаги ором — оддий ҳаёт манзаралари кучли бадиий символга айланди.

Университет ўқув илмий тажриба хўжалиги – рассомлар нигоҳида

Университетимизнинг 20 нафардан ортиқ иқтидорли талабаларининг ушбу фестивалда фаол иштирок этгани эса биз учун айниқса қувонарлидир. Улар ўз кўз ўнгида санъат орқали қишлоқ ҳаётининг турфа қирраларини англаб, меҳнатга эстетик нигоҳ билан қарашни ўргандилар. Бу – нафақат уларнинг бадиий салоҳиятини оширди, балки касбий дунёқарашларини ҳам бойитди.

Тошкент давлат аграр университетининг ўқув илмий тажриба хўжалиги ёш ижодкорлар учун қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик, узумчилик, полиз экинлари, илғор агротехнологиялар ва замонавий суғориш тизимлари, соҳадаги инновациялар ҳамда илм-фан ютуқларини бадиий санъат ёрдамида тасвирлаш учун қулай шароит яратиб берди.

Ушбу фестиваль нафақат талабаларнинг санъатга бўлган қизиқишини оширди, балки уларни деҳқонларимиз меҳнатига, ерга, Қишлоқ хўжалиги ва умуман табиатга чуқур ҳурмат билан қарашга ўргатди.

Мазкур фестиваль Тошкент давлат аграр университетида ўзгача байрамона руҳда якунланди. Ёпилиш маросими илм, санъат ва меҳнат уйғунлигини ифодалаган тантанали лаҳзаларга бой бўлди. Рассомлар, талаба-ёшлар ва меҳмонлар иштирокидаги чиқишлар, ижодий кўргазмалар, миллий куй ва рақслар орқали фестиваль якуни ҳақиқий маданий воқеага айланди. Фестиваль давомида яратилган бадиий асарлар университетга эсдалик сифатида тақдим этилди.

Санъат орқали қишлоқ хўжалигини англаш – ёш авлодни тарбиялашда янги ёндашув

Фестиваль нафақат санъат намойиши, балки маданий тафаккур, эстетик тарбия ва қишлоқ ҳаётининг поэтик талқини сифатида тарихда қолади. Энг муҳими, у заминдан унган ҳаёт гўзаллигини юрак билан кўришга чорлайди. Бу фақатгина суратлар кўргазмаси эмас эди – бу ҳаёт фалсафаси, бу халқона ҳақиқатни санъат орқали баён этиш эди. Бу билан биз аграр соҳага маданий ёндашувни шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди дейиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер