«Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди

12:48 29 Май 2021 Иқтисодиёт
311 0

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси доирасида сенаторлар «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқдилар.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги Фармони билан белгиланган вазифаларни ўз ичига олган.

Қонун аввало мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Бу эса соҳада хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда ҳам муҳим омил бўлади. Қолаверса, ушбу ҳужжат заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиришга ҳам йўналтирилган.

Қонунда қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари, бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ белгиланиши тармоққа инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шароит яратади.

Хусусан, Қонунга биноан устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки 50 фоиздан кам давлат улуши бўлган тадбиркорлик субъектларига қимматбаҳо металлар ва тошларни сарфлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилмоқда.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш масалалари ҳам қонунда батафсил ўз ифодасини топган.

Қонунни ишлаб чиқишда Беларусь, Ҳиндистон, Канада, Қозоғистон, Молдова, Россия Федерацияси, Италия ва Туркия ҳамда Вена конвенциясини ратификация қилган 19 та давлатнинг илғор тажрибаси ўрганиб чиқилган.

Шунингдек Қонун хусусий секторнинг қимматбаҳо металлар айланмасида ўз фаолиятини очиқ, шаффоф олиб боришига имконият яратади.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарори қабул қилинган эди.

Сенат томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб Қонунда ўз аксини топганлигини инобатга олган ҳолда Қонун ялпи мажлисга киритилгани қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?