Қиличбозларимизнинг муваффақияти ОАВ эътиборида

13:24 14 Ноябрь 2023 Спорт
171 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Куз фасли қиличбозлик бўйича мусобақаларга бой. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жорий мавсум Жаҳон кубоги босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, 6 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. 18-19 ноябрь кунлари эса Тошкент саблячи қизлар ўртасидаги навбатдаги босқичга мезбонлик қилади.

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида спортчиларимизнинг ортда қолган босқичдаги муваффақиятли иштироки ва ҳафта якунида кутилаётган навбатдаги босқичга тайёргарлик мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, терма жамоа мураббийлари ва спортчилар, фахрийлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Даставвал, Г.Саидова қиличбозларимизнинг жорий йил давомида эришган ғалабалари ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, Ҳанжоу-2022 Осиё ўйинларида қўлга киритилган 1 та олтин ва 2 та бронза медаллари, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Жаҳон кубоги босқичларидаги зафарлари тилга олинди. Мутахассис бундай натижалар давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, спортга қаратаётган эътибори сабаб эришилганини таъкидлади. Ўз навбатида, фахрийлар ва спортчиларимиз ҳам ушбу фикрни тасдиқлашди. Терма жамоа аъзолари келгусида бундай эътибор билан янада юқори натижалар қайд этишларини билдиришди.

Анжуманда Тошкентда ўтадиган босқич ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Айни пайтгача Грузия, Гонконг, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сербия ва Ўзбекистондан 50 нафарга яқин спортчи рўйхатдан ўтган. Қиличбозларимиз мазкур мусобақада яккалик ва жамоавий дастурда муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб боришади.

Тадбир давомида ОАВ ходимлари асосий терма жамоамизнинг Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик стратегияси, ёшларимизнинг бўлажак мусобақага тайёргарлиги борасида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?