Қашқадарёда таниқли адиб Мирзапўлат Тошпўлатовнинг 75 йиллик таваллудига бағишланган адабий учрашувлар бўлиб ўтди

10:13 16 Декабрь 2025 Жамият
340 0

Қарши давлат университетида таниқли адиб ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мирзапўлат Тошпўлатов 1950 йилда Қарши туманидаги Дашт-Файзобод қишлоғида туғилган. У Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Фаолияти давомида «Ўзбектелефильм» студияси, «Ғафур Ғулом» нашриётида ишлаган, 1997–2000 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарғибот маркази директори ўринбосари ва директори лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, «Ёзувчи» газетаси бош муҳаррири сифатида ҳам меҳнат қилган.

Адибнинг «Юракдаги сир» (1977), «Беором тўлқинлар» (1979), «Бахт юлдузи» (1989), «Ойни ахтараётган бола» (1985), «Санам тоғидаги гулхан» (1991), «Сайланма» (2007) каби қатор қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган.

Унинг асарлари асосида кўплаб бадиий фильмлар яратилган. Жумладан, «Олов қаъридаги фаришта», «Гуноҳ», «Тавба», «Муаллиф», «Занжир», «Музаффар» каби фильмлар шулар жумласидандир. Айниқса, жиноятчилик мавзусини қамраб олган ва Мирзапўлат Тошпўлатов сценарийси асосида суратга олинган «Занжир» сериали томошабинлар орасида катта машҳурликка эришиб, мамлакатимиз телеканалларида энг кўп томоша қилинган сериаллардан бирига айланган.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока» журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, шоир Амир Худойберди, Қашқадарё вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Нуриддин Эгамов ва бошқалар сўзга чиқиб, адибнинг ҳаёт йўли, ижодий мероси, асарларидаги етакчи ғоялар ҳамда бадиий услуби ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Таъкидланганидек, Мирзапўлат Тошпўлатов камтар, заҳматкаш ва меҳнатсевар ижодкор сифатида адабиёт мухлислари орасида юксак ҳурмат қозонган. Унинг асарларида ижтимоий ҳаёт воқелиги, инсон руҳияти ва табиат ҳодисаларини нозик ҳис этиш маҳорати яққол намоён бўлади.

Шунингдек, учрашув давомида адиб талаба-ёшлар билан мулоқот қилиб, ўзининг ижод йўли ва асарларига асос бўлган ҳаётий тажрибалар ҳақида сўзлаб берди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, шунга ўхшаш адабий-маърифий тадбир Мирзапўлат Тошпўлатов илк сабоқларни олган Қарши туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўтказилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?