Қашқадарёда 2,5 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлган боғча раҳбари қамалди

17:20 19 Сентябр 2025 Жамият
156 0

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги хусусий боғчалардан бирида юз берган фожиа бўйича суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳужжатларига кўра, 31 ёшли Лола Ҳақназарова 2024 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиб, унга раҳбарлик қилиб келган. У талабларни бузган ҳолда, 2022 йил 16 декабрда туғилган, ҳали боғча ёшига етмаган Зарина Иззатиллаевани ҳам МТМга қабул қилган.

2025 йил 20 июнь куни Ҳақназарова ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасада, турмуш ўртоғига тегишли Спарк машинасида 7 нафар болани боғчага олиб келган. Аммо болаларни тушираётганда 2,5 ёшли Зарина машинада қолиб кетган. Қизалоқ 6 соат давомида ёпиқ машинада қолиб, димиқиб вафот этган.

Суд жараёнида айбланувчи айбини тан олди. У болаларни тушираётганда икки нафарини қўлида кўтариб олиб чиққанини, қолганларини орқа эшикдан тушириш учун очиб қўйганини, аммо тартибсизлик сабабли барча болалар тушган-тушмаганига эътибор бермаганини баён қилди. Шу куни боғчада тарбиячи ҳам келмаган, барча иш ўзига юкланганини айтган.

Марҳуманинг онаси судда боғча раҳбарининг эътиборсизлиги оқибатида фарзанди ҳалок бўлганини таъкидлади:

Қандай қилиб 6 соат давомида ўзи олиб борган боланинг йўқлигини билмаслик мумкин? Ҳисоб-китоб, саноқ бўлиши керак-ку. Қизим боғчага биринчи кун бориши эмасди, бир неча ойдан буён борарди. Қандай қилиб боғча раҳбари ва тарбиячилар унинг йўқлигини тушликка қадар билмасликлари мумкин? Ҳеч бўлмаса тушлик вақтида эътибор бериш керак эди-ку. Бу каби эътиборсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, деган у.

Косон туманидаги фожиа юзасидан Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди 2025 йил 11 сентябрда ҳукм чиқарди. Унга кўра, Лола Ҳақназарова Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми («касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши») билан айбли деб топилди ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо манзил-колонияда ўталадиган бўлди.

Суд қарорига кўра, унга қўлланилган гаров эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залида ҳибсга олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?