Қарши шаҳри куни кенг нишонланди

11:23 28 Октябр 2021 Жамият
1026 0

Фото: Халқ сўзи

2006 йилнинг 27 октябрь куни жаҳон цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган қадимий ва навқирон Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган эди. Шундан буён бу сана Қарши шаҳар куни сифатида тантана қилиб келинмоқда.

Кеча шу муносабат билан шаҳарнинг Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб югуриш марафони ўтказилди. Марафонда турли ёшдаги аҳоли вакиллари фаол иштирок этди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан табаррук кексалар учун Қашқадарё вилоят қатағон қурбонлари хотираси музейи, “Ишга марҳамат” мономаркази ва вилоят мусиқали драма театрига саёҳат уюштирилди. Нуроний отахон-онахонлар мумтоз куй-қўшиқлардан иборат концерт дастуридан баҳраманд бўлди.

Шунингдек, 12 ёшдан 25 ёшгача бўлган ижодкор ёшлар ўртасида ўтказилган "Насаф юлдузлари" мега танлови ҳам байрамга ўзгача завқ-шавқ бағишлади. Мега танловда рақс, эстрада ва анъанавий хонандалик, бахшичилик, театр санъати, мусиқа ижрочилиги, рассомлик йўналишларида ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари тақдирланишди.

Қарши шаҳридаги "Наврўз" хиёбонида рақс, қўшиқ, аския, айтишув ва ўйин-кулгиларга бой маданий тадбирлар то кечга қадар давом этди.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?