Қамчиқ довонида расмга тушмоқчи бўлган икки киши вафот этди

16:28 09 Январь 2025 Жамият
376 0

8 январь куни Қамчиқ довонида икки нафар фуқаро қор уюми босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Xalq so'zi» сўровига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳодиса содир бўлган ҳудудда жами 8 киши бўлган, улардан бири захира йўлга ўтиб суратга тушаётган вақтда сирпаниб, йиқилган. Ёрдам бермоқчи бўлган яна бир шериги унинг олдига тушгач, уларнинг устига бир неча метрлик қор уюми қулаган. Натижада икки нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган.

Маълум бўлишича, ҳолат Тошкент-Андижон-Ўш автомобил йўлининг 141-километрида содир бўлган. Ушбу ҳудуд захира йўл ҳисобланиб, фақат махсус техникалар учун ҳаракатланиш мумкин бўлган. ФВВ қутқарувчилари шериклари мурожаатидан сўнг дарҳол воқеа жойига етиб борган. Ҳодиса оқибатида вафот этган икки нафар шахс 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилганлиги аниқланган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини, марҳумларнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?