Қаловини топган апардиликлар

17:18 18 Сентябр 2025 Жамият
103 0

Ғузор туманининг Апарди маҳалласида аксарият хонадонлар чорвачилик билан шуғулланади. Ҳар куни тонналаб сут олинади. Бироқ ҳудудда хом ашёни қайта ишлайдиган корхона йўқ. Бу имкониятни ҳисоб-китоб қилиб кўрган шу маҳаллалик Лобар Бойқулова банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, оила аъзолари кўмагида сутни қайта ишловчи кичик, лекин замонавий технологияни харид қилди.

– “Мини завод”имиз жуда ихчам, аммо соатига 60 литргача сутни қайта ишлаш имконини беради, – дейди у. – Фаолиятимизни бошлаганимизга кўп бўлмади. Ҳозир ҳудуддаги оилалардан кунига 100 – 120 литргача хом ашёни қабул қилиб, ундан кефир, йогурт, айрон ҳамда қаймоқ ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотни ҳудуддаги савдо шохобчаларига етказиб беряпмиз. Янги-янги бозорларни топиш ҳаракатидамиз. Буюртмаларимиз ошгани сари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам кўпайтириб бораверамиз. Бунга салоҳиятимиз етади.

Дастлабки лойиҳани муваффақиятли бошлаган оила энди яна кредит олиб, хонадонида катта сиғимли совиткич қурмоқчи. Фаолияти учун бу жуда зарур. Бугун изланган, интилган, ҳаракат қилган киши яхши даромад топиб, фаровон турмуш кечирмоқда. Апарди маҳалласида Лобархонга ўхшаган ташаббускор инсонлар кўп.

Шу маҳаллалик Нормурод Жабборов 32 сотих ерда иссиқхона хўжалигини ташкил этган. “Ёпиқ томорқа”нинг асосий қисмида лимон парваришлаётган бўлса, 10 сотих майдонда бодринг етиштирмоқда. Оила йилнинг қайси фаслида ички бозорда бодрингга талаб ошишини яхши билади. Шунга қараб, ҳосилни тайёрлайди.

– Бодрингнинг энг тезпишар навларини экамиз, – дейди хонадон соҳибаси Нодира Тўхтаева. – Шу боис бир йилда икки маротаба ҳосил оламиз. Масалан, бу йил февраль ойи ўрталарида иссиқхонага бодринг кўчатларини ўтқазган эдик. Мартнинг охири апрель ойининг бошларидан бозорга маҳсулот чиқаришни бошладик. Июнга қадар ҳосилни сотдик. Очиқ томорқаларда ҳам бодринг ҳосили тайёр бўлиб, бозор тўйинган паллада биз яна ерни тайёрлаб, янги кўчатларни ўтқазишга киришдик. Ҳозир кўчатларимиз гуллаб, илк ҳосил нишоналари пайдо бўла бошлади. Бу узоғи билан ўн кунда яна бозорга маҳсулот чиқаришни бошлаб юборишимизни англатади. Шундан сўнг то декабрга қадар ҳосилнинг кети узилмайди.

Апардилик тадбиркорлар томонидан йўлга қўйилган бундай кичик лойиҳаларга мисолларни яна кўплаб давом эттириш мумкин. Эътиборлиси, авваллари маҳаллада зарур инфратузилмалар йўқ, бу томорқачиликда ҳам, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланишда ҳам муаммоларни юзага келтирарди. Натижада аҳолининг тадбиркорликка нисбатан қизиқиши ҳам юқори эмасди. Сўнгги йилларда ички йўллар, айниқса, электр энергияси билан боғлиқ кўплаб муаммолар бартараф этилди. Бу йил “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун маҳаллада иккита артизан қазилиб, ишга туширилди.

– Натижада маҳалладаги аввал оқар сув келмаган 250 га яқин хонадон томорқа ерларини суғориш имкониятига эга бўлди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ойбек Каримов. – Кўпчилик дарҳол экин-тикинни бошлаб юборди. Яқин йилларда томорқачиликда ҳам юқори натижаларни қўлга кирита бошлаймиз. Энди бунинг имконияти бор.

Бугун апардиликлар ҳам тадбиркорлик, ташаббускорлик руҳи билан яшамоқда. Бу уларнинг нафақат амалга ошираётган ишлари, балки фаровон турмуш-тарзи, маҳалладаги ўзгаришларда ҳам акс этмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?