Қадрин топган қутли Бўзатов

17:12 03 Ноябрь 2025 Жамият
211 0

“Бўзатов” – қорақалпоқ халқининг энг қутли маскани. Ери унумдор, суви тоза, одамлари софдил, миришкор. Бугун бу ҳудудни кезган кишининг Бўзатов ҳақидаги тушунчаси ўзгаради. Чунки бу ерда яратилган шароитлар шаҳарникидан қолишмайди: кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, минг ўринли амфитеатр, спорт майдони, Ёшлар маркази, тўқимачилик корхонаси...

Илк бор 1979 йилда ташкил этилган туман узоқ йиллар имкониятлардан эътиборсиз қолиб, 1988 йилда тугатилади. Тўқсонинчи йилларнинг бошига келиб яна туман сифатида тузилиб, 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшилди. 2019 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан туман янгидан ташкил этилди. Қисқа фурсатда Бўзатов улкан имкониятлар ҳудуди сифатида янги марраларни забт этиб, катта имкониятлар ҳудудига айланмоқда.

– Яқинда давлатимиз раҳбари касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот қорақалпоғистонликлар учун ҳақиқий шодиёнага айланди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов. – Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка овулида «Бўзатов» санаторийси фойдаланишга топширилди. Аҳоли қувончи чексиз. Янги санаторий нафақат дам олиш, балки соғломлаштириш, маънавий ҳузур бағишлаш маскани сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳага кўра, санаторий 200 нафар дам олувчига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсата олади. Йилига эса 6000 нафар фуқаро сув муолажалари, физиотерапия ва бошқа замонавий тиббий хизматлар орқали соғлигини тиклаш имконига эга. Бу ерда 6 қаватли шинам ётоқхоналар, 2 қаватли даволаш маркази, замонавий ошхона ва маданий клуб, фин ва турк ҳаммомлари, ёпиқ бассейн, шунингдек, оилавий коттежлар ва бошқа инфратузилмалар мавжуд. 12,5 гектар майдонни эгаллаб турган санаторийнинг 6,3 гектари мевали боғлар, 4 гектари манзарали ва чим дарахтлар экилган. Қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам йўлга қўйилган. 124 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа 120 нафар мутахассис учун доимий иш ўринларини яратади. Бу эса, ўз навбатида, туман аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

– Бу санаторий халқимизга орзусидаги дам олиш ва саломатликни тикловчи маскан бўлади, – дейди бўзатовлик нуроний Қудайберген Тилевриев. – Шу яқин йилларда туманимизда бундай замонавий масканлар қурилишини биров айтса ишонмасдик. Олти, етти йил ичида Бўзатовда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ёш авлоднинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, аҳолининг бандлигини таъминлаш, нуронийларнинг дам олиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Яқинда Амударё устига қурилган кўприк Қорақалпоғистоннинг шимолида жойлашган 8 та туман орасидаги транспорт қатновидаги йўлнинг қисқартириб, халқимизнинг узоғини яқин қилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ҳозирги кунгача 11 стационар турдаги оромгоҳларда жами 37 минг 421 нафар бола, 69 та маданият ва спорт майдончаларида жами 83 минг 753 нафар болалар соғломлаштирилди. Бундан ташқари, 12 минг 909 нафар ишчи-ходим юртимиздаги санаторийларга юборилди. Бир вақтлари Қорақалпоғистон “Швейцарияси” номи билан донг таратган, кейинчалик эътибордан бироз қолиб кетган ўлкада ҳозирда қайта ҳаёт жўш урмоқда. Янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган санаторий – юртдошларимиз, айниқса, нуронийларнинг дам олиши ва соғломлаштиришда имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Қорақалпоғистонда янги, замонавий ва маҳобатли санаторий қурилиши – бу Бўзатовда янги ҳаёт, янги нафас, янги имкониятлар бошланаётганининг яна бир исботидир.

Ғайрат Отажонов

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?