Қадимий ер ости йўллари

Самарқанд шаҳридаги ер ости пиёдалар ўтиш йўллари ўзининг қизиқ тарихига эга. Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида қадимий шаҳарда учта ер ости пиёдалар ўтиш йўли қурилган. Улар Темирйўл вокзали, Регистон ва Алишер Навоий кўчаларида жойлашган. Кейин йигирманчи асрнинг охири ва йигирма биринчи аср бошларида антисанитария ҳолати туфайли ёпиб юборилган. Шу тариқа шаҳар инфратузилмасидан ғойиб бўлган. Эндиликда автомобиль ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлиги туфайли яна уларга эҳтиёж сезилмоқда.
Дастлаб шаҳарнинг Марказий магистралларидан бири остидан ўтган Алишер Навоий кўчасидаги ер ости йўл ўтказгичини қазишга қарор қилинди. Кўмиб юборилганидан сўнг йигирма йилдан ортиқ вақт ўтгач, қайта ишга туширилди. Иншоот замонавий талабларга мослаштирилди. Гидроизоляция тўлиқ алмаштирилди. Алоқа ва шамоллатиш тизимлари янгиланди. ЛЕД ёритгичлар ўрнатилди, зинапоялар капитал таъмирланди, гранит девор ва поллар қопланди.
Темирйўл вокзали олдидаги ер ости ўтиш йўлаги эса бундан ўн тўққиз йил олдин темирйўл вокзали ҳудудини ободонлаштириш жараёнида ёпиб қўйилганди. Кейинги йилларда Самарқанд темирйўл вокзалидан фойдаланаётган хорижий сайёҳлар ва меҳмонлар оқимининг ошиб бораётгани улар учун зарур инфратузилма яратиш ҳамда йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашни тақозо қилмоқда. Бир пайтлар ёпиб қўйилган ер ости йўлаги очилиб, сайёҳлар ва юртдошларимизнинг ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратилди. Ҳозирда узунлиги 36 метр, эни 5 метр бўлган ушбу ер ости пиёдалар ўтиш йўли замонавий архитектура талабларини инобатга олган ҳолда тўлиқ тикланди ва мақсадли фойдаланилмоқда. Эндиликда йўловчиларнинг вокзал ичига кирмасдан биринчи, иккинчи ва учинчи темирйўлга ўтиши ҳамда тўғри шаҳарга чиқиши учун имконият яратилган. Туннелда йўловчиларнинг эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув ҳамда ёритиш тизими ҳам ўрнатилган.
Шу кунларда кўп йиллар олдин кўмиб юборилган Регистон кўчасидаги ер ости пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланмоқда. Гавжум автомагистрал устида қурилган ер ости йўлининг узунлиги тахминан 60 метрни ташкил қилади.
– Чорак аср олдин бу ер ости йўлини қурган мутахассислар ўз касбининг устаси бўлишган, – дейди Самарқанд вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси етакчи мутахассиси Отаёр Сувонов. – Объектнинг асосий тузилмалари яхши ҳолатда, дренаж тизими муаммосиз ишлади. Бу ер ости йўлида сув тошқини олдини олишга имкон берди. Бунинг ёрдамида ҳатто ўтмишда деворларга қўлланилган миллий безаклар ҳам яхши сақланган. Мутахассисларимиз ҳам туннель очилишига иложи борича эҳтиёткорлик билан ёндашишди. Иш бошланишидан олдин бўлимнинг сунъий йўлдош тасвирлари ўрганилди. Бу йўл ўтказгич схемасини юқори аниқликда аниқлаш имконини берди. Ҳозирда мутахассислар объектнинг техник ҳолатини ўрганишни давом эттирмоқда.
Регистон кўчасидаги ер ости йўлини тиклаш тўғрисидаги қарорнинг асосий зарурати яқин атрофдаги ўрта мактабда ўқиётган мактаб ўқувчилари ва Регистон меъморий ансамблига ташриф буюрадиган кўплаб сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Чунки, болалар ҳам, катталар ҳам йўлни асосан светофорлар ўрнатилган ер ости йўли устидаги ҳудуддан кесиб ўтади.
– Ушбу йўлда автоуловлар ҳаракати жуда зич. Ҳатто асфальтдаги мавжуд зебра белгилари ва светофорга қарамай, ҳайдовчилар йўловчиларни ҳурмат қилмайди, – дейди 2-мактаб ўқитувчиси Моҳира Саифитдинов. – Уч йил олдин бу ерда мени машина уриб юборди. Мактабимиз ўқувчилари ҳам шу ҳудуддаги кўчани кесиб ўтаётганда йўл-транспорт ҳодисаларига дуч келишди. Ўқитувчилар ва ота-оналар ер ости пиёдалар ўтиш жойларини тиклаш ҳақидаги янгиликларни хурсандчилик билан қабул қилмоқда. Чунки бу ҳаммамиз учун фойдали қарор ҳисобланади.
Ер ости ўтиш йўлларининг очилиши аҳоли учун жуда катта қулайлик яратиб, турли хил йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади. Ер ости ўтиш йўлакларининг очилаётгани фойдали. Айни пайтда фойдаланилаётган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой, Даҳбед кўчаларидаги пиёдалар ер ости ўтиш йўлакларининг ҳолатини яхши деб бўлмайди. Кўп йиллар олдин қурилган Даҳбед кўчасидаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳозир ҳам одамлар унинг устидаги гавжум автомагистралдан йўлни кесиб ўтмоқда. Ушбу ер ости йўли шаҳар учун жуда ҳам муҳим, чунки у гавжум автоуловлар ҳаракати бўлган чорраҳада жойлашган. Аммо ер ости йўлининг нотозалиги, ёруғлик етарли эмаслиги ва ҳавоси жуда ёмонлиги сабабли у ҳар доим бўш. Бошқа ер ости йўлларида бўлгани каби санитария муаммоларини ҳал қилиш, ёритиш тизимини яхшилаш, хизмат кўрсатиш пунктларини очиш, унинг жозибадорлигини ошириш керак.
Энди ер ости ўтиш йўлларига эътиборни кучайтириш билан бирга аҳолининг муносабатини ҳам ўзгартириш ва маданиятини оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Пиёдалар ҳам ер ости йўлакларига кўздан пана жой деб эмас, ўзларининг хавфсизликлари учун яратилган қулайлик сифатида қараши лозим.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг