Қадимда Бухородаги кўчалардан бирининг номи нега «Ҳақиқат йўли» деб аталган?

Юртимизда не-не буюк зотлар яшаб ўтмаган, дейсиз. Улардан бирини бухороликлар ҳали – ҳанузгача Имоми Ҳожатбарор (Мушкулни осон қилувчи Имом), Ҳазрати Имом дея улуғлашади. Биз милодий 767 йилда туғилган Абу Ҳафс Кабир Бухорийни назарда тутяпмиз.
— Қадимги китобларда Ҳазрати Имомни Абу Ҳафси Кабир (Улуғ, Катта) деб битилган, — дея ёзади Бухоро тарихи билимдонларидан бири, тарих фанлари номзоди Баҳодир Қазоқов. — Абу Ҳафси Сағир (Кичик) эса ўғлининг исмидир. У ислом ҳуқуқшунослигини мукаммал ўзлаштирган, шариат асосларини пухта билган донишманд инсон бўлган. Бунга Муҳаммад Наршахийнинг "Бухоро тарихи" асарида ёзилган қуйидаги сатрлар ҳам гувоҳлик беради: ”У киши сингари ҳуқуқшунос Бухорода йўқ эди ва у киши Бухоронинг фахри, ҳам зоҳид (яъни парҳезкор), ҳам олим эди. Бухоро у киши туфайли Қуббат ул – ислом яъни исломнинг энг юксак нуқтасига айланди...Имомлар (яъни буюк олимлар) ва олимлар ҳурматли бўлдилар. Бунга сабабчи Абу Ҳафси Кабир бўлгандир”.
Дарҳақиқат, тарихий манбаларда, жумладан, «Китоби Муллозода»да ҳам Абу Ҳафс Кабирнинг чуқур билим эгаси, одамларни ўйлантирган масалалар ечимини оқилона топа олган имом эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Биз эса яна «Бухоро тарихи» асарига мурожаат қиламиз.”...Ҳожилар карвони ҳаждан қайтиб келаётганида уларнинг уламолари Хожа Абу Ҳафс олдига келиб, ундан масъала сўрар эдилар, — дея ёзади Наршахий. — Шунда Абу Ҳафс: ”Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?” — деганда, у олим:”Бу масъалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога борганингда бу масъалани Хожа Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийдан ёки унинг фарзандларидан сўра!” — дедилар.
Ана шундан кейин Абу Ҳафс уларнинг масъаласи жавобини тўғри ечар эди”.
Тарихий манбаларда айтилишича, бу буюк зот ёшу қарини илм олишга ва унга қатъий амал қилишга даъват этган.Оддий одамларга ислом ҳуқуқшунослиги қоидаларини тушунарли қилиб баён этган.Киши борки, ўз муаммосини ҳал этмоқ учун унинг ҳузурига борган.
— Шу боисдан ҳам қадимги шаҳар ( шаҳристон) шимолий дарвозасидан Имомнинг манзилига олиб борадиган кўчани аҳоли «Ҳақраҳ» яъни «Ҳақиқат йўли» деб атаган, — дейди Б. Қазоқов. — Ҳазрати Имом милодий 832 йилда Бухорода вафот этган ва шаҳарнинг шимолий дарвозаси яқинида дафн қилинган.
Алоҳида таъкидламоқчимизки, мустақиллик шарофати билан бу гўша обод манзилга айланди.Ҳазратнинг маҳобатли мақбараси қад ростлади.Бу ерда шунингдек, Абу Ҳафс Кабир жомеъ масжиди ҳам фаолият юритмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг