Путин Кимга нима совға қилди? Филиппин—Хитой таранглиги ва Туркиядан Россияга огоҳлантириш (+видео)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Путиннинг КХДРга сафари қариди
Ким Чин Ин Россиянинг Украинага урушини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Путин Россия Федерацияси ва КХДР ўртасида имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битимни мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш имконини берувчи ҳужжат эканини маълум қилди. Агар давлатларга учинчи томон тажовуз қилса, мамлакатлар бир-бирига ёрдам берадиган бўлди. Аммо бу қандай тартибда бўлиши аниқ эмас.
Россия етакчисининг қўшимча қилишича, келишувлар сиёсий, савдо ва сармоявий, маданий-гуманитар, шунингдек, хавфсизлик соҳаларига тегишлидир.
Шунингдек, етакчилар бир-бирига совғалар тақдим этган. Россия етакчиси Ким Чин Инни ўзининг севимли «Aurus»ида сайр қилдириб, унга лимузун совға қилди. Унинг кореялик ҳамкасби эса пхунсан зотли иккита овчи ит ҳадя қилган.
Владимир Путиннинг Кореяга икки кунлик сафари 19 июнь куни қариди. Шундан сўнг у Вьетнамга учиб кетган.
Россия етакчиси Вьетнамда
Шимолий Кореядан Вьетнамга учган Путинни Ханойда расмийлар кутиб олган. Путин Вьетнамлик касбдоши То Лам билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Унга кўра, расмий Вьетнам Владимир Путиннинг қайта ҳокимиятга келишини олқишлайди. Томонлар пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш тарафдори. Шунингдек, улар Яқин Шарқда барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақанинг ички ишларига аралашишни қоралашни зарур деб ҳисоблайди. Россия Федерацияси Вьетнамнинг Украина инқирози бўйича мувозанатли ва холис позициясини юқори баҳолаган. Шунингдек, икки ҳамкор йирик сармоявий лойиҳалар устида ишлаётгани, ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишга ўтаётгани айтилмоқда.
Филиппин Хитойни «қароқчилик»да айбламоқда
Жанубий Хитой денгизида кескинлик кучайиб бормоқда. Бир неча кун аввал Филиппин ва Хитой денгиз кучлари халқаро сув ҳисобланувчи Жанубий Хитой денгизида тўқнаш келишди. Шундан сўнг расмий Манила Пекинни «қароқчилар каби» ҳаракат қилганликда айблади. Бу ҳақда «Al-Jazeera» нашри хабар берди.
2016 йилда халқаро трибунал ХХРнинг Жанубий Хитой денгизидаги даъволари «ҳеч қандай қонуний асосга эга эмас» деган қарорига қарамай, Пекин ўз даъволарини агрессив тарзда амалга оширишда давом этмоқда.
Бу эса Узоқ Шарқдаги сиёсий тарангликни янада жиддийлаштириб юбормоқда.
Исроил олий контр-адмирали ҲАМАСни йўқ қилиб бўлмаслигини таъкидлади
Исроил армиясининг олий вакили контр-адмирал Даниэл Ҳагарий ҲАМАСни йўқ қилиб бўлмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, гуруҳни ушлаб турган нарса мафкурадир, уни эса йўқ қилишнинг иложи йўқ.
Контр-адмиралнинг ушбу мулоҳазалар Исроилнинг «Channel 13» телеканалида эфирга узатилган. Бунга жавобан Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг идораси тезда ўз мақсадини ҲАМАСнинг ҳарбий ва ҳокимият имкониятларини йўқ қилиш эканлигини таъкидлади. «Исроил мудофаа кучлари ушбу мақсадга тўлиқ содиқ», дейилади ҳукумат баёнотида.
Исроил БМТнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги резолюциясини «бир парча қоғоз» сифатида тан олмасдан ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча келишув нуқтаси топилмади.
Тел-Авив армия расмийлари, шунингдек, Ҳагарийнинг баёнотлари юзасидан тушунтириш берди. Улар контр-адмиралнинг ҲАМАСни мафкура сифатида назарда тутаётгани ва унинг сўзларини контекстдан юлиб олиб тарқатилаётганини иддао қилишган.
Туркиядан огоҳлантириш
Туркия Россияга Даиш террорчилари томонидан режаланган иккинчи терактнинг олдини олишга ёрдам берадиган муҳим разведка маълумотларини тақдим этди. Бу ҳақда «Daily Sabah» нашри турк матбуотига таяниб хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Туркия миллий разведка ташкилоти Россияни Даишнинг Москвадаги гавжум савдо марказига ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Москва яқинидаги «Crocus City Hall» концерт залида қонли ҳужум амалга оширилган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг