Пропаннинг қимматлашиши чекланади. Бу ҳақда аллақачон Рақобат қўмитаси қарор чиқарган

11:44 07 Ноябрь 2024 Иқтисодиёт
266 0

Фото: Иллустратив

Ўзбекистонда суюлтирилган газ нархининг кескин ошишига қарши чоралар кўрилди. 6 ноябрдан бошлаб Рақобат қўмитаси пропан нархининг ошишига чеклов ўрнатгани айтилмоқда. Ушбу чеклов Республика товар хом-ашё биржасида юқори чегара белгиланиб жорий қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда «Спот» хабар берди.

Маълум бўлишича, Қўмитанинг 5 ноябрдаги қарорига биноан, суюлтирилган газ нархининг ошишига 20 фоиз миқдорида чеклов (спред) жорий этилди. Бу чеклов сотувчининг бошланғич нархига нисбатан ҳисобланади. Бозор иштирокчиларининг «Спот»га берган маълумотига кўра, бу қарор нархлар ўсишининг олдини олишга хизмат қилади.

Қайд этиш керакки, сўнгги савдо кунларида пропан нархи сезиларли даражада қимматлашиб, АИ-80 бензини нархидан ҳам ошиб кетди. 5 ноябрда пропаннинг бир тоннаси учун нарх 10,1 миллион сўмга етган. Бу ўз навбатида, автомобил ёнилғиси нархлари билан рақобатни кучайтирмоқда.

Нархлар ошишига пропан таклифининг камайиши ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. 1 ноябрда биржага 2 минг тоннадан ортиқ пропан қўйилган бўлса, 5 ноябрда бу ҳажм 1,4 минг тоннага қисқарган. Бу ҳолат нархларнинг сунъий равишда юқори даражада сақланишига сабаб бўлмоқда.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов октябрь ойида нархларнинг ошишини ишлаб чиқариш даражасининг етарли эмаслиги ва пропанда ишлайдиган автомобиллар сонининг ошиши билан боғлаган эди.

Аввалроқ, президент пропан қуйиш шохобчалари ўртасида рақобат муҳитини яратиш чорасини кўришни топширганди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Россия ёки Хитойнинг қайси бири билан каттароқ савдо айланмасига эгалиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?