Президентнинг қарори билан янги университет очилади

09:49 01 Май 2025 Жамият
227 0

Ўзбекистонда муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ал-Хоразмий университети ташкил этилади. Президентнинг 2025 йил 30 апрелдаги ПҚ-160-сонли қарорига кўра, ушбу университет замонавий талабларга жавоб берадиган, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашади.

Университетнинг асосий йўналишлари қаторида математика, аэрокосмик технологиялар, муҳандислик, IT ва сунъий интеллект соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш белгиланди.

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, илмий тадқиқотлар ўтказиш, хориждаги нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва талабаларни илмий-амалий фаолиятга жалб этиш каби вазифалар университет фаолиятининг асосини ташкил этади.

Янги таълим муассасасида ўқув жараёнлари 2025/2026 ўқув йилидан бошланади. Талабаларга таълим давлат ва инглиз тилларида кредит-модуль тизими асосида олиб борилиши режалаштирилган. Бу эса халқаро таълим стандартларига мос бўлган ўқув муҳитини яратиш имконини беради. Таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади.

Шу билан бирга, В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали университет биносида фаолият бошлайди. Ҳар бир илмий ходимга биттадан талаба бириктириш амалиёти йўлга қўйилади. Бу эса талабаларнинг илмий ва тадқиқот салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилиши ко`зда тутилмоқда.

Қарорга мувофиқ, Ал-Хоразмий университети нафақат кадрлар тайёрлаш маркази, балки ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларидаги илмий-амалий ишланмаларга асосланган ривожланиш нуқтаси сифатида фаолият юритиши кутиляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?