Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди

12:56 20 Август 2025 Сиёсат
82 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.

“Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир”, деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони экани таъкидланди.

“Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.

Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар ҳақида келишиб оламиз”, деди Президент.

Президентимиз ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ тадбиркорлар билан ҳамфикр бўлиб, иқтисоди қудратли, саноати рақобатбардош, молиявий тизими барқарор, барча соҳалари инвесторлар учун жозибадор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилганини қайд этди.

Ўтган саккиз йилда иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди. Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя.

“Бир қарашда айтишга осон ушбу рақамни олдинлари ҳисоб-китоб қилиш тугул, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Лекин биз буни уддаладик”, деди Президент.

Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда прагматик ва проактив сиёсат туфайли биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоизга ўсгани таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?