“Президент совғаси” — сурхондарёлик болаларга янги йил қувончи

14:59 24 Декабрь 2025 Жамият
782 0

Янги йил байрами арафасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор қаратиш, болажонлар қалбига қувонч улашиш эзгу анъанага айланган. Ана шу анъанага мувофиқ, ҳар йили юртимиз бўйлаб “Президент совғаси” тарқатилиб, минглаб болаларнинг юзига табассум улашмоқда.

Бу йил ҳам Янги йил муносабати билан тайёрланган байрам совғалари Сурхондарё вилоятига етиб келди. Ушбу қутлуғ туҳфалар “Президент арчаси” байрам тадбирлари доирасида тантанали равишда топширилиши режалаштирилган.

“Президент совғаси” аввало меҳрга, эътиборга муҳтож болаларга — мурувват ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларига, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, чин етимларга, шунингдек, юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандларига мўлжалланган.

Маълумотларга кўра, жорий йилда Сурхондарё вилояти бўйича жами 894 нафар болажонга “Президент совғаси” етказилади. Совғалар таркибидан 24 турдаги ўқув қуроллари ҳамда 34 хил мазали ширинликлар ўрин олган. Бу эса болалар учун нафақат байрамона қувонч, балки уларнинг таълим олиши ва ривожи учун ҳам муҳим қўллаб-қувватлашдир.

Шубҳасиз, бундай эзгу ташаббуслар болалар қалбида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаб, Янги йил байрамини янада унутилмас онларга бой этади. “Президент совғаси” эса меҳр-оқибат ва ғамхўрликнинг ёрқин тимсоли сифатида болажонлар хотирасида узоқ сақланиб қолади.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер