«Президент совғаси» Наманганга етиб келди

12:36 23 Декабрь 2024 Жамият
200 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Янги йил бўсағада. Уни ҳаммадан кўпроқ болажонлар интиқиб кутади. Ўзбекистон Республикасида ёш авлодга ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлган «Президент арчаси» байрам тантаналари фарзандларимиз учун энг севимли тадбирлардан бирига айлангани ҳам шундан. Байрамнинг жорий йилги тадбирларини мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тегишли вазирликлар ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда қатор амалий ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, «SOS – болалар маҳаллалари», Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйидаги, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 турдаги ўқув қуроллари ва 15 хил ширинликдан иборат 647 дона Президент совғалари Наманган вилоятида ҳам қабул қилиб олинди.

— Янги йил совғалари болажонлар учун Наманган мусиқали драма театри биносида ташкил этиладиган байрам кечасида тантанали равишда ўз эгаларига топширилади, — дейди вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъул ходими Зулайҳо Зайниддинова. — Ижодий жамоа айни мақсадда кичкинтойлар учун завқли томошаларга бой алоҳида бадиий дастур тайёрлаган. Бундан ташқари, туманларда ҳам йўқлов тадбирлари уюштирилиб, мутасадди ташкилотлар вакиллари ижтимоий муҳофазага муҳтож хонадонлар фарзандлари ҳузурига совға-салом ва қисқа мазмундаги табрик билан кириб боради.

Айтиш лозимки, вилоятда байрам томошалари ҳозирдан бошлаб юборилди. Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» тематик паркида қад ростлаган 43 метр баландликдаги арча атрофида ўғил-қизларга мўлжалланган «Янги йил саргузаштлари» – эртак қаҳрамонлари чиқиши ҳамда мусиқий дастур намойиш этилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?