Президент республикадаги фармзоналар фаолиятини танқид қилди

16:08 05 Март 2026 Сиёсат
86 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Республикадаги 13 мингдан зиёд дорихоналар томонидан ўтган йили 24 триллион сўмлик дори воситалари сотилган. Бундан ташқари, давлат харидлари орқали йилига 5 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари олинмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ҳудудлардаги масъуллар қайси дорига қанча талаб борлигини, унинг қанчаси импорт бўлаётганини ҳисоб-китоб қилмагани, ишлаб чиқарувчи ва импортчилар билан учрашиб, зарур дориларни маҳаллийлаштириш масаласини ўрганиб кўрмаганига эътироз билдирилди.

Юртимизда жами 58 та фармацевтика корхонаси 2,5 минг турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда.

Формуласи оддий, ишлаб чиқариш унча мураккаб бўлмаган ибупрофен, паратсетамол, диклофенак каби оғриқ қолдирувчи дориларни ўзимиздаги 20 дан ортиқ фармацевтика корхоналари ишлаб чиқармоқда.

Худди шу каби, ортиқча сертификат талаб қилмайдиган қон кўпайтирадиган калий, кальций, темир, цинк, магний, ёд, витамин B, C ва D каби оддий биологик фаол моддаларни ҳам тегишли сифат талаблари ва стандартларга қатъий риоя қилган ҳолда ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Республика бўйича жами 136 гектар майдонда 5 та фармацевтика зонаси ташкил қилиниб, инфратузилма билан боғлиқ барча масалалар ҳал қилиб берилган.

Лекин айрим вилоят ҳокимлари, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фармацевтика лойиҳаларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.

Мисол учун, 25 гектардаги Жиззах фармзонасида ўтган йили умуман дори ишлаб чиқарилмаган. Ёки Бўстонлиқ фармзонасидаги 14 гектар ер 2017 йилдан бери бўш турибди.

Ўтган йили Жиззах ва Самарқандда бирорта ҳам лойиҳа ишга тушмаган бўлса, Бухорода атиги 200 минг, Хоразмда 2 миллион долларлик биттадан лойиҳа бўлган, холос.

Ҳокимлар янги лойиҳаларни кўпайтириш у ёқда турсин, бор қувватларни ҳам ишлата олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили республикадаги 96 та корхонанинг айланмаси 312 миллиард сўмга пасайган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?