Президент қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларига ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди

12:20 10 Декабрь 2025 Сиёсат
116 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда.

Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари фидокорона ва машаққатли меҳнати билан ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган барча деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

«Сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги беқиёс ишларингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор», деди давлатимиз раҳбари.

Бу йил иқтисодиётнинг барча тармоқларида ютуқларга бой ва баракали йил бўлгани таъкидланди. Айниқса, халқимизнинг 3,5 миллиондан зиёд вакили меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалигида катта марраларга эришилди.

Пахтачиликда илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнология олиб кирилгани, юқори унумдор хорижий навлар экилгани ҳисобига миришкор деҳқон ва фермерларимиз томонидан 875 минг гектар ерда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди.

Жорий йил 3 мингдан зиёд фермер гектаридан ўртача 50-60 центнерлик, 1,5 минги 70 центнерлик маррадан ўтиб, пахтачиликда ўзининг тажриба мактабини яратди.

Ғаллакорларимиз ҳам янги маҳаллий навлар ва биотехнология орқали бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратди, ўртача ҳосилдорлик 85 центнерга етди. Бунда ҳар бир гектар ердан 100 центнердан ҳосил олган 3,5 мингдан зиёд фермерларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

Шоликорларимизнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди. Улар бу йил 268 минг гектарда шоли экиб, 1 миллион 340 минг тонна ҳосил олди, ўртача ҳосилдорлик 50 центнерга етди.

Сув масаласи долзарб бўлган ҳозирги даврда фермерларимиз шолининг ўзида 35 минг гектарда сув тежовчи технология қилгани, 45 минг гектарда шолини кўчат усулида эккани учун 350 миллион куб метр сув тежалди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер