Президент мутасаддиларга барча маҳаллаларда ихтисослашувни охирига етказишни топширди

14:55 14 Октябр 2025 Сиёсат
150 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида туман ҳокимлари берилаётган маблағдан оқилона фойдаланиб, «маҳалла еттилиги» билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Масалан, Нориндаги Шўрариқ маҳалласи атрофидаги яна 6 та маҳаллага хизмат кўрсатадиган марказга айланмоқда. Бундан руҳланиб, «Замонавий гузар, сервис маркази, боғча, мактаб қураман, ишлаб чиқариш қиламан!» деб ўнлаб тадбиркорлар ташаббус билан чиқди.

Атрофидаги 6 та маҳалла штатидан тўғри фойдаланиб, тежалган маблағ ҳисобидан архитектор ва урбанист жалб қилингани натижасида ушбу 7 та маҳалла қиёфасини бутунлай ўзгартириш учун имконият пайдо бўляпти.

«Чунки тадбиркорлар ишини бошлаш ва бизнесини кенгайтириш учун, биринчи навбатда, яхши жой сўраяпти. Ҳар бир маҳаллада гавжум кўча борми – бор! Бўш ер ва бинолар борми – бор! Фақат мутахассис билан шу жойнинг лойиҳасини тайёрлаб, инфратузилма қилиб бериш керак!» деб вазифа қўйди Президент.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Ислоҳотлар штаби билан бирга биринчи босқичда 33 та туман ва 330 та маҳаллада ишларни ана шундай ёндашув асосида йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, йиғилишда маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Яратилган имкониятлар ҳисобига 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослашди. 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани учун 1,5 миллион оила даромадли бўлди.

Маҳалла банкирлари, ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан микролойиҳа қилиши учун уларга жорий йилда 6,5 триллион сўм ресурс берилди.

Лекин шунча ресурс берилсада, ҳамма ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги» ҳам бир хил ишламаётгани таъкидланди. Ҳудудлардаги 2 минг 356 та маҳаллада эса ҳали ихтисослашув даражаси анча паст.

Мутасаддиларга барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб, уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Келаси йилдан мева-сабзавотга ихтисослашган 2 минг 682 та маҳаллага саноат олиб кириш учун имтиёзли ресурслар, аввало, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаларига берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?