Президент космик соҳада амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар тақдимоти билан танишди

20:14 16 Октябр 2025 Сиёсат
182 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни космик мониторинг орқали янги иқтисодий имкониятларни аниқлаш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланиш кенгайиб бормоқда. Хусусан, Президентнинг 30 сентябрдаги фрамони билан бу борадаги ишлар янги босқичга олиб чиқилди, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги геология, ер муносабатлари ва экология соҳасида йилига камида уч марта давлат космик мониторингини ўтказиши белгиланди, агентликнинг ҳудудий вакиллари лавозими жорий этилди.

Тақдимотда таъкидланганидек, эндиликда космик таҳлиллар ёрдамида иқтисодиётга катта туртки берадиган янги имкониятларни аниқлаш лозим.

Республикада ҳар йили юзлаб фойдали қазилма конлари ва карьерлар аукционга чиқариляпти. Тадбиркорларга имконият яратилиб, конларга саноат олиб кирилмоқда. Мисол учун, ўтган йили 170 та, йил бошидан эса 172 та кон аукционда сотилган.

Лекин конлардан рухсатсиз фойдаланиш муаммоси ҳанузгача долзарб экани, йил бошидан космик мониторинг ёрдамида 2 мингдан зиёд шундай ҳолат аниқлангани қайд этилди.

Бош прокуратура олдига иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида фош этишда ер, ишлаб чиқариш объектлари ва конларни сунъий йўлдош орқали таҳлил қилиш маълумотларидан самарали фойдаланиш вазифаси қўйилди.

Сўнгги йилларда ўзбошимчалик билан қурилган 1 миллион 365 мингта уй-жойга кадастр расмийлаштириб берилган. Лекин ҳалигача бундай ноқонуний қурилишларга тўлиқ барҳам берилгани йўқ. Йил бошидан 33 мингдан зиёд ўзбошимча қурилиш аниқланган бўлса, уларнинг кўпи қишлоқ хўжалиги ерларида жойлашган.

Шу муносабат билан қисқа муддатда тегишли ахборот платформаларини интеграция қилиб, ноқонуний қурилиш ҳолатларини тезкор ўрганиш ва бартараф этиш имконини берадиган тизим яратиш топширилди.

Тақдимотда космик мониторинг асосида жойларда бўш турган ерларни аниқлаш ва иқтисодий активга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизнинг олтита ҳудудида олиб борилган ўрганишлар натижасида 300 гектарга яқин бўш ерлар аниқланди. Биргина Тошкент шаҳрида 95 гектар бўш ер участкаси топилиб, аукционга чиқарилган.

Президентимиз бу йил яна 8 та ҳудудда, келгуси йилда барча туман марказларида ўрганишларни охирига етказиш вазифасини қўйди.

Соҳада халқаро тажриба ва илғор ечимларни фаол жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган лойиҳалар юзасидан ахборот берди.

Жумладан, космик маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, дарахтлар кесилиши, метан газ сизиб чиқиши, қуёш панелларининг самарадорлиги, йўл қопламаси ҳолати, темир йўл ва электр тармоқларидаги носозликлар ва ортиқча юкламаларни аниқлаш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, тақдимотда космик соҳада таълим экотизимини яратиш, космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш, йўлдошли алоқа технологияларини жорий этиш орқали мамлакатимиз олис ҳудудларида алоқа қамровини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан топшириқ берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?