Президент пойтахтнинг дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳридаги ҳолатга алоҳида тўхталди.
Пойтахтнинг дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирилди, куни кеча бўлган кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатгани қайд этилди.
Дренажни тўғирлашни ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини қилиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Умуман, пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, пойтахтда дарахтларнинг касалланиши ҳам кўпайгани қайд этилди.
Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Президент кейинги йилда “Яшил макон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратилишини эълон қилди.
Эндиликда дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилади.
Суғориш тизими бўйича 2 та тажриба амалга оширилади. Хусусан, 27 та туманда суғориш тизими яратиш учун 1 тадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Ғаллаорол туманидаги тоғларда қор-ёмғир сувини йиғувчи 10 та гео-мембрана ўрнатилиб, дарахтларни суғориш тизими яратилади. Баҳорда 14 та туманнинг тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, терраса усулида 500 гектарда дарахт экиш бошланади.
Вилоят ҳокимликларига “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича яшил боғ яратишга камида 1 гектар, яшил жамоат парки учун ярим гектардан ер ажратиш топширилди.
Бу майдонлар экиш мавсумигача “Очиқ бюджет” порталига қўйилиб, дарахт турлари бўйича тавсия ва уларнинг нархи кўрсатилади. Бунда, парваришлашда масъулиятсизлик қилган шахсларни мобил илова орқали огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.
Ҳокимларга барча ободонлаштириш бўлимларини 20 тадан суғориш мини-техникаси билан таъминлаш топширилди.
Сўнгги вақтларда юртимизда чанг бўронлари тез-тез содир бўлаётгани қайд этилди.
Бунга глобал иқлим ўзгариши билан бирга ноқонуний дарахт кесилиши, сув камайиши, тартибсиз чорва боқилиши оқибатида чўл яйловлари деградацияга учраётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Чўллардаги ўсимликлар турлари ҳам кескин камайган.
Давлатимиз раҳбари аҳоли кўпайиб бораётган шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг катта захирамиз – яйловлар эканига эътибор қаратди. Шу боис, яйловлардан фойдаланишга эҳтиёж йилдан-йилга кўпайиб бораётгани таъкидланди.
Эндиликда 16 миллион гектар яйлов ерларини бошқариш Ветеринария қўмитасига ўтказилиши белгиланди.
Қўмитага йил якунигача чўлларни деградациядан чиқариш бўйича уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Келгуси йилда бу мақсадлар учун дастлаб 50 миллион доллар грант маблағлари жалб этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг