Президент икки нафар тадбиркор фермерни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади

10:21 18 Март 2025 Сиёсат
136 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёев хоразмлик фермер Собиров Эгамберди ҳамдда оққўрғонлик шахсий томорқа ер эгаси Мансуров Тўлқинжонни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан:

Мамлакатимизда томорқачиликни ривожлантириш, жумладан, сабзавотчилик ҳамда асаларичиликни самарали йўлга қўйиш, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, ўзининг ташаббускорлиги, омилкорлиги, бой тажрибаси ва меҳнатсеварлик фазилатлари билан бошқаларга шахсий намуна кўрсатиб келаётгани, шунингдек, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги учун Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги шахсий томорқа ер эгаси Мансуров Тўлқинжон Носирович «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, замонавий агротехника усулларини қўллаш орқали ҳудуднинг оғир ва мураккаб шароитида экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, пахта ва ғалла йўналишларида юқори ҳосилдорликка эришиш, аҳоли фаровонлигини оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳамда кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини намунали йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги катта хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Хоразм вилояти Хонқа туманидаги «Султонбой Хонимжон» фермер хўжалиги бошлиғи Собиров Эгамберди Султонович «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?