Президент банкларда рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда дунёда молиявий технологиялар бозори тез суръатда ривожланяпти. Унинг ҳажми бу йил 300 миллиард доллардан, 2030 йилга бориб, 600 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Юртимизда ҳам мазкур йўналишда катта имкониятлар бор. 2018 йилда FinTech корхоналари 24 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 103 тага етган. Жорий йил маҳаллий корхоналаримиз 260 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп.
Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, “Open banking” тизимини жорий қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши айтилган эди. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги режалар ва таклифлар юзасидан ахборот берди.
Стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда. Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратишдир.
Бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириб, улардаги рақамли хизматларни кўпайтириш, финтех соҳасидаги компаниялар ва стартапларни тизимли қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди. Бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақавий финтех марказига айланишига хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг