“Права” олиб беришнинг жиноий схемаси “ижодкор”ларига суд ҳукми ўқилди

18:11 20 Май 2023 Жамият
951 0

Иллюстратив фото

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг очиқ суд мажлисида судланувчилар З.Нурмаматов, Ш.Ҳожиев, С. Ғаппоров, А.Расулов ҳамда  С.Исмоиловларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Ушбу гуруҳ Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома учун ўтказиладиган назарий имтиҳонда фуқароларга “ёрдам” беришнинг ўзига хос схемасини қўллашган.
   
- Яъни, судланувчи З.Нурмаматов танишлари А.Расулов ҳамда Ш.Ҳожиевлар билан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида назарий имтиҳонга Самарқанд вилояти, Нарпай тумани “Косагарон” маҳалласида яшовчи А.Расуловнинг фотосуратларини Учқудуқ тумани “Чўл гули” кўчасида яшовчи Ш.Ҳожиев номига расмийлаштириб, “ҳайдовчининг шахсий имтиҳон варақаси” ва “тиббиёт маълумотномаси”га ҳам Ш. Ҳожиевнинг фотосуратини қўйиб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган, - дейди Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг судьяси Алишер Сайдуллаев. - Шунингдек, судланувчи С.Ғаппоров таниши С.Каримов билан расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, ўзига тегишли фуқаролик паспорти, “ҳайдовчининг шахсий имтиҳон варақаси” ҳамда “тиббиёт маълумотнома”ларига С. Каримовнинг фотосуратини қўйиб, сохта ҳужжатлар тайёрлаган. С.Каримов ушбу сохта маълумотлар би¬лан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимига ҳужжатларни топширган вақтида, ИИБ ходимлари томонидан расмий ҳужжатлар қалбакилаштирилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Суд судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб, ишда мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, тарафларнинг музокара ҳамда судланувчиларнинг ҳимоя ва охирги сўзларини эшитиб, судланувчи З.Нурмаматов, Ш.Ҳожиев ҳамда С.Ғаппоровга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга,  судланувчи А.Расулов ва С.Исмоиловга эса ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини белгилади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер