Петер Пеллегрини: таълим ҳаёт ва жамиятни ўзгартира олади

15:42 31 Октябр 2025 Жамият
129 0

Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирлари давом этмоқда. Навбатдаги ялпи мажлисда юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини иштирок этиб, сўзга чиқди.

— Бугун биз дунё ўзгариб бораётган бир пайтда маданиятлар чорраҳасида жойлашган тарихий Самарқанд шаҳрида учрашиб турибмиз. Анъана ва қадриятлар йўқолиб бормоқда, глобал тартибнинг асоси бўлган халқаро ҳуқуқ тазйиқ остида, — дейди Петер Пеллегрини. — Бундай вазиятда ЮНЕСКО қадриятларни асраб-авайлаб, бугунги ҳаёт ва амалиёт билан боғлайдиган ноёб платформа бўлиб қолмоқда. Айни пайтда давлатлар учун кўп томонлама ҳамкорлик ҳашамат ёки қудрат эмас, балки зарурат эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

Собиқ таълим вазири сифатида таълим дунёдаги барча халқлар учун тинчликка элтувчи йўл эканлигини таъкидламоқчиман. У нафақат билим, балки ҳурмат, бағрикенглик, хайрихоҳликни ўргатади. Таълимсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт йўқ. Шунинг учун ҳам Словакия ЮНЕСКОнинг янги — “Тинчлик учун таълим” дастурини қўллаб-қувватлайди. Бу асл ғояни қайта тиклайди. Таълим ҳаёт ва жамиятни ўзгартира олади, у шунчаки сиёсат эмас, балки тинчлик ва инсон руҳиятига қўйилган сармоядир.

Биз тизимни янада инклюзив, ижодий ва келажакка йўналтирилган тарзда ислоҳ қилмоқчимиз. Биз ўқитувчиларни тайёрлаймиз ва ёшлар келажакка ишонч билан қарашлари учун рақамли кўникмаларни ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Шу мақсадда ноябрь ойи охирида пойтахтимиз Братиславада иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан ҳамкорликда таълим ва сунъий интеллект бўйича глобал форум ўтказмоқчимиз. Унда сунъий интеллект бўйича фикр алмашамиз. Назаримизда бугун сунъий интеллектга имконият, шу билан бирга муаммо сифатида баҳо бериш лозим. Бу борада ЮНЕСКОнинг сунъий интеллектни мактаб ва жамиятда қўллаш ҳамда ушбу йўналишда аниқ ахлоқий қадриятларни ишлаб чиқиш бўйича ташаббусларини маъқуллаймиз.

Сессиянинг бугунги тадбирлари ранг-баранг. Ундан куннинг иккинчи ярмида таълим бўйича вазирлар даражасидаги йиғилиш ҳам ўрин олган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?