Пентагоннинг Россия билан суҳбати, Кения миссияси ва Макрон хавотири (+видео)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Кения миссияси: Кения аскар, АҚШ эса пул ажратади
Кения полицияси тартибсизлик ва зўравонликни келтириб чиқараётган жиноий гуруҳлар таъсирига қарши курашиш учун Гаитига жўнаб кетди. Республика президенти Уилям Руто 400 нафар аскар билан тантанали хайрлашган. Мамлакат ушбу ҳарбийлар гуруҳи минг нафар аскарларнинг бир қисми эканлигини маълум қилди.
Руто ва Қўшма Штатлар ушбу миссия бўйича бир неча ой муҳокама ўтказган. Уилям Рутонинг айтишича, бу ҳаракат глобал бирдамлик тарихидаги энг долзарб, муҳим ва тарихий миссиядир. БМТ расмийси март ойида Гаитидаги жиноий гуруҳ зўравонликларини бартараф этишда ёрдам бериш учун камида 5 минг нафар чет эл полициячи керак бўлишини айтган. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Қўшма Штатлар қўшинлари миссияда қатнашиши ҳар хил талқин қилинишини айтиб, 300 миллион доллар ёрдам беришга ваъда берган.
Шойгунинг ҳибсга олинишига ордер берилди
Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Федерацияси собиқ Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда генерал Валерий Герасимовни ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятда айблади. Шунингдек, уларни ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Суднинг 25 июнь куни эълон қилинган баёнотида ушбу шахслар ўтган йилнинг 10 октябридан бошлаб Россия қуролли кучлари томонидан Украина электр инфратузилмасига уюштирилган ракета зарбалари учун масъул бўлгани қайд этилади.
Суднинг маълум қилишича, Россия зарбалари фуқаролик объектларига қаратилганлиги ҳақида бир қанча асослар тўпланган.
Кремль томони эса Украинанинг энергетика инфратузилмаси қонуний ҳарбий нишон эканини айтиб, тинч аҳоли инфратузилмасини ўққа тутишни рад этган.
Суд ўтган йили Украинадаги воқеалар учун РФ президенти Владимир Путинни ҳам ҳибсга олиш учун ордер берган эди.
Эммануэль Макрон нимадан хавотирда?
Франция президенти Эммануель Макрон бўлажак сайловларда ўта чап ёки ўта ўнгнинг ғалабаси фуқаролар урушига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Президент ўта чап қанот ва ўта ўнг партияларини бўлиниш ҳамда кескинликни келтириб чиқаргани учун танқид қилиб, бу партияларнинг дин, шунингдек, миллатга оид сиёсати жамоаларни можаро томон ундашини тахмин қилган.
Макрон ўз интервьюсида ўта ўнгчилар ишончсизлик ва ўзига хосликка эътибор қаратаётгани одамларни ўз динига ёки келиб чиқиши билан боғлиқ конфликтларни кучайтирган. Жан-Люк Меланшон бошчилигидаги ўта чап партияни эса сайловчиларни жалб қилиш учун миллий бўлинишни тарғиб қилишда, хусусан, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилишда айблаган.
Макроннинг ушбу баёноти ўз коалициясининг Европа Иттифоқи сайловларида ёмон натижа кўрсатганидан кейин янграши кўплаб танқидчиларнинг эътиборига тушган.
Исмоил Ҳания оиласининг 10 аъзоси ҳалок бўлди
Исроил аскарларининг 3 та ҳужуми оқибатида 24 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания оиласининг 10 аъзоси, хусусан унинг синглиси Заҳр Ҳания жанг қурбони бўлган. Фуқаролик мудофааси агентлиги матбуот котиби Маҳмуд Басалнинг АФП ахборот агентлигига айтишича, сешанба куни эрталаб Ҳания оиласига тегишли уй нишонга олинган.
ҲАМАС гуруҳи воқеани тасдиқлаб, Исроил қирғинида АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини жавобгар, деб ҳисоблаган. Гуруҳнинг айтишича, Қўшма Штатлар иттифоқчисига сиёсий ва ҳарбий мақсадларини амалга ошириш учун вақт бермоқда.
ҲАМАС ўз баёнотида халқаро ҳамжамият ва БМТни жиноятчиларни жавобгарликка тортишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ҳаниянинг уч ўғли ва тўрт набираси ҳалок бўлган эди.
МДҲ аъзосининг Европа Иттифоқига қўшилиши кўриб чиқилмоқда
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокараларни расман бошлади.
Люксембургдаги учрашувлар музокараларнинг бошланиши бўлиб, икки собиқ совет давлати ЕИ билан яқин муносабатларга киришганини англатади. Бу Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат учун ҳам муҳим қадам бўлиб, келажакдаги йўналишларни белгилашга ёрдам беради.
Венгрия бу келишувга рози бўлмаган ягона Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи аъзолари музокараларни бошлашга қарши эмас. Жараён узоқ ва қийин кетиши кутилмоқда. Бунинг асосий сабаби эса ушбу мамлакатлар қонунчилигининг ЕИ юридекциясига мос келиш ёки келмаслигидир.
Пентагон раҳбари Ллойд Остин Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов билан телефон орқали мулоқот қилди
Пентагон маълумотига кўра, Остин Белоусов билан Украинадаги инқироз ҳақида суҳбатлашган. Шунингдек, улар АҚШ ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги алоқа сақланиб қолиши муҳимлигини қайд этишган. Ушбу мулоқот ташаббуси Қўшма Штатлар томонидан ташкиллаштирилган.
Бу Пентагон раҳбари Россиянинг янги мудофаа вазири билан илк бор алоқа қилиши бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг