Пастдарғомда янги саноат корхонаси ҳамда логистика маркази фойдаланишга топширилди

13:25 29 Декабрь 2025 Жамият
202 0

Пастдарғом туманида “LOGIC AUTOMOTIVE AND ENGINEERING” номли хорижий корхона фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа Туркиянинг “Logic Mhendislik Sanayi ve Ticaret A” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган бўлиб, автобуслар учун ўриндиқлар, эшик карказлари ҳамда изотермик кузовлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Корхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги ҳамда соҳа мутасаддилари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Унда сўз олганлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий саноат салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидлашди.

Қайд этилганидек, йилига 600 дона автобус ўриндиғи ва 200 дона изотермик кузов ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу завод қурилиши учун 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган. Корхона фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида 100 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Пастдарғом туманидаги Мирзо Улуғбек номли маҳалла фуқаролар йиғинида “Indra bonded E-commerce services” хорижий корхонасига тегишли “Логистика маркази” ҳам фойдаланишга топширилди.

Ушбу масканнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа Хитойнинг Шанхай шаҳрида жойлашган “INDRA GROUP LIMITED” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичига 5,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция йўналтирилган бўлиб, натижада 50 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Янги логистика маркази электрон тижорат хизматларини ривожлантириш, юкларни тезкор ва самарали сақлаш ҳамда қайта ишлаш имконини бериши билан ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тадбир сўнгида йиғилганлар логистика маркази қуввати ва имкониятлари билан яқиндан танишишди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?