Парламентдаги мухолифат: Тарихи, ҳозирги ҳолати ва истиқболлари

12:01 24 Январь 2025 Сиёсат
178 0

Сўнгги вақтларда парламентдаги мухолифат масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. Конституциявий ҳуқуқ соҳасининг мутахассиси сифатида ушбу масала ҳақида айрим фикрларни илгари сурмоқчиман.

Мухолифат нима учун керак?

Биринчидан, мухолифат қабул қилинаётган қарорларни танқидий кўриб чиқиш орқали улардаги камчиликларни кўрсатади, шу орқали қарорлар янада халқчил, асосланган ва тўғри бўлиши таъминланади. Мухолифатсиз асосланмаган ёки хато қарорлар қабул қилиш эҳтимоли ортади. Мухолифат эса, хатоларни кўрсатиб, уларни тўғрилаш учун имкон беради.

Иккинчидан, мухолифат одатда назоратчи ролини бажаради, шу боис қарор қабул қилувчилар ортиқча харажат, ваколатдан чекка чиқишга йўл қўймаслик учун ўзларини назорат қилиб борадилар, яъни бошқача айтганда, мухолифат ҳокимиятга келган кучларни сергак, уйғоқ бўлишларини таъминлайди.

Учинчидан, мухолифат халқни қийнаётган муаммоларни ўртага олиб чиқиб, парламентдаги кўпчилик эътиборини ушбу масалаларга қаратади, уларни ҳал қилиш учун кўпроқ эътибор қаратишни талаб қилади.

Умуман олганда, мухолифатни иқтисодиётда рақобатга ўхшатиш мумкин, яъни рақобат бор жойда ижобий ўзгариш, тараққиёт ва юксалиш бўлгани, рақобатдан истеъмолчилар фойда кўргани каби давлатда мухолифат бўлишидан халқ ва жамият манфаат кўради. Қолаверса, мухолифат фуқароларнинг фикр билдиришга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш усули сифатида ҳам намоён бўлишини инобатга олиш лозим.

Мухолифат қандай бўлиши керак?

Мухолифатни турли хил “мухолифат” ниқоби остидаги давлатга қарши хатти-ҳаракатлардан, ташқи деструктив кучлар ёрдамида озиқлантирилган фитналардан фарқлаш зарур. Мухолифат остида оммавий тартибсизликлар, фитналар қўзғаш тараққиётни ўн йиллар орқага суриб ташлаши, давлатчиликни йўқ қилиши мумкинлигини кўп давлатлар, шу жумладан, айрим қўшни давлатлар мисолида ҳам кўрганмиз.

Тинчлик тараққиётнинг, иқтисодий юксалиш ва фаровонликнинг асосий ва энг муҳим шарти эканлигини ҳеч ҳам унутмаслик керак. Жамиятга соғлом, конструктив мухолифат керак. Танқидлар асосланган бўлиши, популизмга айланиб кетмаслиги керак. У ёки бу муаммонинг ечими давлатнинг ички имкониятлари, мавжуд иқтисодий ресурслари билан боғлиқлигини ҳам инобатга олиш лозим.

Бу ерда шуни унутмаслигимиз керакки, мухолифат конструктив бўлса бунёдкор кучга айланади, аксинча, фақат шунчаки популистик танқиддан иборат бўлса, жамиятда давлат ҳокимияти, давлат органларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Мухолифат масаласи — қонунчилигимизда. Ўзбекистонда мухолиф партиялар борми?

Ушбу масала қонунчилик учун ҳам, амалиётимиз учун ҳам янгилик эмас. Тарихга назар соладиган бўлсак, турли йилларда турли партиялар ўзини мухолифат, деб эълон қилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, 2005 йилда — Халқ демократик партияси ва “Миллий тикланиш” ДП, 2010 йилда Халқ демократик партияси, 2015 йилда Халқ демократик партияси ва “Адолат” СДП фракциялари ўзини парламент мухолифати сифатида эълон қилган.

У ёки бу сиёсий партияларнинг парламентдаги мухолифат, деб эълон қилинишини парламентдаги кўпчиликни ташкил этган сиёсий партияларнинг “Демократик кучлар блоки”га бирлашувига нисбатан позицияси сифатида баҳолаш мумкин.

Қонунчиликка мурожаат этадиган бўлсак, мухолифат институти 2007 йил 11 апрелда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонун билан қонунчилигимизга киритилган. Хусусан, ушбу Қонун парламентдаги мухолифат учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратди, хусусан, у билан қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкинлиги белгиланди;

иккинчидан, парламентдаги мухолифатнинг қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қўшимча учта кафолатланган ҳуқуққа эгалиги белгиланди:

— қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

— муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

— Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этишидир.

Парламентдаги мухолифат қандай ишлайди?

Парламентдаги мухолифат ўзига хос хусусиятларга эга. Хусусан, кўпчилик палата мажлисларида қонун лойиҳалари бўйича жиддий муҳокамалар бўлмаслигини танқид қилади.

Парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнининг ўзига хослиги шундаки, ҳақиқий тортишув ва баҳс-мунозаралар қўмита ва фракциялар йиғилишларида бўлади. Ушбу йиғилишлар соатлаб давом этади ва барчанинг — депутатлар, экспертлар, қонун ташаббускорлари, ННТ вакиллари фикрлари, мулоҳазалари ва таклифлари эшитилади.

Ўз-ўзидан қўмита ва фракцияларда муҳокамаларда кўп эътироз бўлган, кўпчилик қўллаб-қувватламаган ёки ягона ечимга келинмаган қонун лойиҳалари палата мажлисига олиб чиқилмайди. Чунки, қўмита ва фракцияда қўллаб-қувватланмаган лойиҳа палатада 1 ёки 2-ўқишдан ҳам ўта олмайди.

Шунга кўра, палатада 1 ёки 2-ўқишга кўп соатли муҳокамаларда депутатларнинг эътирозлари асосида қайта ишланиб маромига етган лойиҳалар олиб чиқилади ва депутатлар ўз таклифлари инобатга олинганлигини инобатга олиб, қўшимча саволлари бўлмаса, бошқа савол бермайди.

Яна бир жиҳати, тортишувларнинг парламентдаги ўқишларга қараб ҳам фарқланади, бу қонун ижодкорлиги жараёнидаги яна бир ўзига хослик.

1-ўқишда тортишув кўп бўлмайди, чунки унда қонуннинг концепцияси муҳокама қилинади. Концепция бўйича эътироз бўлмаса, лойиҳа батафсил муҳокама қилинмайди. Масалан, лойиҳа билан қайсидир фаолият лицензияланадиган фаолият турига киритиляпти. Агар депутат шу фаолият турини лицензиялаш хато, деб ҳисобласа, бу концептуал эътироз, уни 1-ўқишда кўтариш керак. Агар лицензиялаш тўғри, лекин лицензия учун давлат божи миқдорини камайтириш таклифи бўлса, бундай таклиф концепцияга мос бўлгани учун уни 1-ўқишда кўтариш шарт эмас.

Бу каби таклифлар лойиҳа 1-ўқишдан ўтгандан сўнг 2-ўқишга тайёргарлик кўриш вақтида қўмита ва фракциялар йиғилишлари давомида берилса, унинг қабул қилиниши эҳтимоли юқори бўлади. Агар шунда ҳам қабул қилинмаса, унда буни 2-ўқишда барча депутатлар олдида кўтариш керак бўлади.

Парламентдаги мухолифат қандай натижалар берган?

Кўпчилик парламентга келиб тушган қонун лойиҳалари ўзгаришсиз, тортишувларсиз қабул қилинади, деган эътирозни билдиради. Аслида вазият қандай?

Парламентга келиб тушган қонун лойиҳаларининг жуда катта қисми ўзгартирилади. Кўпинча, сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, лойиҳаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Хусусан, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳасини кўриб чиқиш натижасида лойиҳаларга халқчил қоидалар киритилганлиги ёки аксинча одамларга оғирлик олиб келадиган қоидалар чиқариб юборилганлигига гувоҳ бўлганман. Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинган мактаб дарсликлари учун ижара тўловлари депутатлар ташаббуси билан лойиҳадан чиқариб ташланди.

“Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан бир ҳаракат учун икки маротаба жавобгарликка тортмаслик принципидан келиб чиқиб ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида энергия ресурслари истеъмолчиларининг иккита ҳаракатлари учун жарималар чиқариб ташланган.

Яқинда кўп мунозараларга сабаб бўлган йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган алоҳида йўлаклардан транспорт воситалари ҳаракатланиши қоидабузарлиги учун жарималар миқдори икки баробарга камайтирилди, қайси ҳолатларда ушбу ҳаракатлар қоидабузарлик ҳисобланмаслиги тўғрисида аниқлаштирувчи норма киритилди.

Умуман олганда, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари, айниқса, уларнинг аҳолига қўшимча ижтимоий, молиявий ёки бошқача мажбурият юклайдиган, жавобгарлик белгилайдиган нормалари ҳар томонлама таҳлил қилинади ва “чиғириқ”дан ўтказилади.

Шу билан бирга, давлатда қарор қабул қилувчи орган фақат парламент эмаслигини ҳам инобатга олиш лозим. Кўплаб янгича тартиб-таомиллар, иқтисодий механизмлар қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилади. Улар тегишли органларнинг ваколати доирасида қабул қилинган қонуний қарорлар бўлиб, уларга парламент таъсир ўтказа олмайди. Албатта, парламент ёки депутат сўрови юбориш орқали вазиятга аниқлик киритиши, раҳбарларни чақириб эшитиши мумкин. Лекин барибир парламент назорати натижалари асосан тавсиявий хусусият касб этишини ҳам тушуниш керак.

Янги таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нима ҳақида?

2024 йил 18 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлар сонини 3 тадан 6 тага ошириш таклиф этилган эди.

Мазкур масала кейинчалик 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида ҳам ўз аксини топди.

Ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, бир гуруҳ депутатлар томонидан парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда:

— Қонунчилик палатасининг 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш. Бундай амалиёт дунё тажрибасида ҳам кенг учрайди. Хусусан, Буюк Британия, Литва, Молдова ва Арманистон парламентида бюджет ва хавфсизлик бўйича қўмиталар раислари ёки ўринбосарлари мухолифат фракциядан сайланади.

— Ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш. Масалан, Қозоғистон ва Арманистонда ҳам парламентдаги мухолифат “парламент эшитуви” ва “ҳукумат соати” тадбирлари бўйича таклиф илгари суради.

— Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қўриб чиқилгунга қадар унинг муқобил таҳририни киритиш. Амалдаги қонунчиликда фақат биринчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиши мумкин. Иккинчи ўқишга қадар узайтирилиши ушбу ҳуқуқни амалга ошириш учун вақт нуқтаи назаридан қўшимча шароит яратади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қуйи палата фаолиятида фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга, парламент назорати тадбирлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Умуман, мухолифат ҳуқуқларининг кенгайиши парламент фаолиятига янги мазмун олиб кириш билан бирга, ички демократиянинг кучайишига, қонун ижодкорлиги жараёнида баҳс-мунозаралар орқали адолатли қонун ва қарорлар қабул қилинишига янада ижобий таъсир кўрсатади.

Шуҳрат ЁҚУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?